Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашда замонавий совуткичли омборхоналарнинг ўрни
Маълумки, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари йилнинг муайян мавсумида етиштирилади, шу сабабли уларни узоқ вақт сақлаш ва қайта ишлашни ташкил қилмаган ҳолда аҳолини йил бўйи турли маҳсулотлар билан таъминлаш масаласини ҳал қилиб бўлмайди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўпайган сари уларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳам такомиллаштирилмоқда, янги замонавий омборхоналар қурилмоқда.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғиш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлашни илмий ташкил қилинса, бу борада фан-техника ютуқлари ҳамда илғор тажрибага таяниб иш курилса, етиштирилган маҳсулотларнинг исроф бўлиши анча камаяди. Шунинг ҳисобидан аҳолини ҳозирги даврга нисбатан 20% ва ундан ҳам кўпроқ қўшимча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланиши мумкин.
Ҳозирги вақтда маҳсулотни узоқ вақт сақлашга имкон берадиган такомиллаштирилган технологиялар ишлаб чиқилган. Бу борада кимё, физика, биокимё, биотехнология, биофизика, физиология, ўсимликшунослик, агрокимё, микробиология, мевачилик, қишлоқ хўжалик машиналари, фитопатология, энтомология, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва бошқа бир қатор фанларнинг ютуқларидан ижодий фойдаланилмоқда.
Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилини йиғиштириш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш масалаларини чуқур ўрганишга киришилмоқда, бу борадаги фан-техника ютуқлари ишлаб чиқаришга кенг жорий этилмоқда.
Сақлаш режимлари ва сақланадиган маҳсулотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда ташкил этилаётган совуткичли омборхоналарни маҳаллий об-ҳаво ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қуриш мақсадга мувофиқ хисобланади. Бу билан сақлаш унумдолиги оширилиб, ортиқча сарф-харажат олди олинади. Совитгичлар учун зарур ҳароратга етказиб тез совитиш асосий қоидадир. Ноз-неъматлар тез совитилса зарарли микроорганизмларнинг ривожланиши бартараф этилади, маҳсулот сақлаш муддати узаяди ва нобудгарчилик камаяди. Бунинг учун катта ҳажмли совитгичларда махсулотни дастлаб тез совитиб оладиган хоналари бўлади. Бу тартиб қўшимча харажатларга олиб келганлиги учун ҳозирда маҳсулотни доим сақланадиган камераларга тўғридан-тўғри жойлаш тобора одат тусига кириб бормоқда.
Сабзавот ва меваларнинг баъзи турлари анча узоқ муддатда доимо совитилган ҳолатда туришга муҳтож. Бу, айниқса, тўла етилмаган картошкага тааллуқлидир. Йиғиштириш пайтида ёғин-сочинда қолган пиёз ва саримсоқ пиёзни сақлаш жойлари олдиндан қуритиб олиниши керак.
Камералар қандай усулда совитилишидан қатъи назар, ҳарорат ва муҳит намлиги кескин ўзгармаслигига ҳамда маҳсулот терламаслигига эътибор бериш лозим. Қатта ҳажмдаги камераларга маҳсулот жойлаштириш 10-15 кун давом этади. Ҳар куни камера сиғимига нисбатан тахминан 10 фоиз миқдордагина маҳсулот жойланади. Агар совитилган камерага ташқаридан кўплаб илиқ маҳсулот киритилса, у ердаги мева ва сабзавотнннг терлашига йўл қўйилиб, касаллик авж олишига сабаб бўлиши мумкин.
Шуни ҳисобга олиб, тез совитишга бардош бера олмайдиган маҳсулот тури ва навлари аввал камерага тўлиқ жойланиб, сўнгра совитиш тизими ишга туширилади. Совитиш ускуналарининг қудрати айнан шу турдаги маҳсулотни совитишга мос бўлиши керак. Совитгич хоналаридан сабзавотларни олиб чиқиш пайтида, улар терламаслиги ҳамда харорат тез ўзгариши натижасида айнимаслиги учун, совитилган маҳсулотни ҳам дархол иссиқ бинога кўчириб бўлмайди, Шу сабабли қишга сақланаётган сабзавот ва меваларни савдо дўконларига юборишдан олдин ҳароратнинг ярмича паст бўладиган оралиқ камераларда ёки юк чиқариш йўлакларида бирмунча илитиб олиниши лозим.
Сабзавот ва мевалар совитгичларга, албатта идишларда жойланади. Ҳозирда қўлланиб келинаётган идиш турлари ҳар хил бўлиб, транспортларда ташишда ва унча узоқ турмайдиган маҳсулотларни сақлашда фойдаланиладиган кам сиғимли қутилар, ўртача хажмли қутилар, уринмайдиган меваларни сақлаш ва транспортда ташиш учун ишлатиладиган катта ҳажмли контейнерлардан иборатдир. Совуткичли омборхоналар тўғрисида бу каби маълумотларни жуда хам кўп санаб ўтиш мумкин. Лекин, аниқ йўриқномалар ишлаб чиқарувчилар ва совуткичли омборхоналр қурилишини билан шуғулланувчи корхона мутахассисларидан олинади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳалқ усуллари билан биргаликда, ривожланиб келаётган теҳнологиялардан фойдаланган ҳолда тўғри сақлашни йўлга қўядиган бўлсак, сақлаш давридаги йўқотишлар камайтирилиб, озиқ-овқат тақчиллигининг олди олинади. Йилнинг исталган даврида экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликларива
томорқа ерэгалари кенгаши бош мутахассиси
Д.Мирзкаримов