Қишлоқ хўжалигида маркетинг тушунчаси ва уни ривожлантириш асосалари

Маълумки, қишлоқ хўжалиги товар ва маҳсулотлари ишлаб чиқариш маркетинги товар ҳаракатининг барча босқичлари, яъни: эҳтиёжларни ўрганиш, талабни башоратлаш, маҳсулот сотишни ташкил этиш жараёнларини ўз ичига олган ассортимент сиёсати ва ишлаб чиқариш дастурини қамраб олади.

Юқори даражадаги рақобат муҳити шароити, айниқса хорижий ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг қуйи даражаси сақланиб қолаётганлиги, ноқулай об-ҳаво шароитлари хўжалик юритувчилардан маркетинг фаолияти элементларини   амалиётга тобора чуқурроқ киритиб боришни талаб этмоқда. Бу агробизнесни  самарали бошқариш, оқилона режалаштириш ва доимий назоратни натижаларини таҳлил этиб боришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Маркетинг корхонанинг маҳсулотни сотиш, сотишни рағбатлантириш ва реклама фаолиятини ташкил этишнинг энг самарали воситасидир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турли-туманлиги кўп жиҳатдан ишлаб чиқариш ва тақсимот жараёнида маркетинг фаолиятининг турли ёндошувларини қўллашни талаб этади.

Қишлоқ хўжалигида маркетинг фаолиятини олиб бориш қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда ташкил этилиши лозим:

– ишлаб чиқаришнинг табиий шарт-шароитлари, ҳосилдорлик ва қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан фойдаланишнинг интенсивлик даражаси;

– товар ёки маҳсулотнинг аҳамиятлилиги, бу ишлаб чиқариш, сақлаш ва транспортировка жараёнига алоҳида талабларни белгилайди;

– маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни истеъмол қилиш даврининг номувофиқлиги;

– ишлаб чиқаришнинг мавсумийлиги;

– соҳада фаолият юритувчиларнинг турли мулкчилик шаклига мансублиги (уй хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, фермер хўжаликлари, агрофирмалар), бу олиб бориладиган маркетинг тадқиқотларига алоҳида талаблар белгилайди;

– рақобат муҳитида маркетинг қарорларини қабул қилишни қийинлаштирувчи ишлаб чиқариш ва истеъмол циклини давомийлиги, истеъмолчиларнинг товар ёки  маҳсулот сифати бўйича талабларини қондиришнинг мураккаблиги;

– бошқа маркетинг тизимларига нисбатан агромаркетингнинг юқори даражадаги сезувчанлиги, таъсирчанлиги ва ўз-ўзини бошқаришга бўлган талабнинг юқорилиги;

– аграр соҳадаги маркетинг тадқиқотларини ва ишланмаларидан фойдаланишнинг бошқа соҳадагиларга нисбатан қуйи даражаси. Қишлоқ хўжалигида маркетинг хизматларини ривожланишига энг асосий тўсиқлардан бири бу соҳадаги тажрибанинг етарли эмаслигидадир [1].

Агромаркетинг тизими ўзида бозор муносабатлари мажмуи ва ахборот оқимини бирлаштириб, маҳсулотни сотиш бозорлари билан ўзаро алоқаларни таъминлайди.

Агромаркетинг тизими бозор субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳамда сотиш бозорлари билан алоқаларни ўрнатиш борасидаги ахборот оқимлари мажмуини мужассамлаштиради. Бошқарилувчи тизим сифатида маркетинг муҳитини шартли тарзда ички ва ташқи муҳитга ажратиб олиш мумкин. Агромаркетингнинг ички микромуҳити ўз ичига кундалик вазифалар элементларини олади, жумладан мол етказиб берувчилар, рақобатчилар, транспорт корхоналари ва молия-кредит муассасалари билан юзага келувчи иқтисодий муносабатлар. Ички маркетинг муҳити корхона раҳбарияти томонидан бошқарилади.

Ташқи макромуҳит корхона фаолиятига кенг кўламда таъсир этувчи омиллар мажмуини ўз ичига олиб, уларни иқтисодий, ҳуқуқий техник-технологик, табиий-иқлим ва бошқаларга ажратиш мумкин. Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, ушбу муҳитга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш ва унинг  корхона раҳбарияти томонидан бошқарилиш имконияти аксарият ҳолларда мавжуд эмас. Агромаркетингнинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан таклиф этилаётган маҳсулот ва товарларга бўлган талабни фаол тарзда шакллантиришдан иборат. Қишлоқ хўжалиги  маҳсулотлари ва бошқа товарлар бозорини таҳлилини амалга ошириш давомида ушбу бозорларда талабни тавсифловчи бир қатор вазиятларни алоҳида ажратиб олиш мумкин. Бундай вазиятларнинг ҳар бири маркетингнинг алоҳида бир типи билан характерланади. Масалан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларига бўлган негатив талаб вазиятида бозор маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари ва истеъмол хусусиятларидан қатъи назар  рад этади. Бундай ҳолатда агромеркетингнинг вазифаси маҳсулотга бўлган негатив талабни юзага келиш сабабларини аниқлашдан иборатдир.

Маҳсулотга талабнинг камайиб боришида ёки салбий талабнинг юзага келиши жараёнида рағбатлантирувчи маркетинг имкониятларидан фойдаланиш зарур. Рағбатлантирувчи маркетинг орқали маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари, унинг устунликлари истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари билан уйғунлаштирилади.

Агромаркетинг имкониятларидан талабнинг бошқа турларини шакллантириш ёки корхона фаолиятида уларни кўзда тутиш жараёнида фойдаланиш мумкин. Жумладан, потенциал ёки шаклланаётган талаб, камайиб бораётган талаб, тебранувчи талаб, талабнинг таклифдан ортиб кетиши каби вазиятларда агромаркетинг муолажаларини ўтказиб бориш мақсадга мувофиқдир.

“Агромаркетингни бошқариш” деганда истеъмолчиларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида фаолият юритувчи хўжаликнинг самарали бозор фаолиятини ташкил этишга йўналтирилган ва хўжалик фаолияти натижаларини даромадлилигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли стратегик ва тактик чора-тадбирлар мажмуи тушунилади. Агромаркетинг – таҳлил, башоратлаш, режалаштириш, ташкил этиш, бошқариш, ҳисоб юритиш ва назорат функцияларини қамраб олади.

Умуман олганда қишлоқ хўжалиги соҳасида агромаркетинг фаолиятини ташкил этиш ва унинг самарадорлигини таъминлаш иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан бироз мураккаблиги билан ажралиб туради. Агромаркетингни ривожлантиришдаги энг асосий муаммолар сифатида қишлоқ хўжалиши маҳсулотлари бозорининг, айниқса мева-сабзавот бозорининг мавсумийликка юқори даражадаги қарамлиги, нархларнинг ўзгарувчанлиги, ташқи иқтисодий сиёсатга таъсирчанлиги, соҳада айнан шу йўналишда фаолият юритувчи мутахассисларнинг етарли даражада эмаслиги ва бошқа бир қатор омиллар билан изоҳланади.

Фикримизча, қишлоқ хўжалиги корхоналари етиштириш билан шуғулланувчи хўжаликлар, хусусан мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган хўжаликларда агромаркетинг имкониятларидан кенг фойдаланиш бошқарув қарорлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Манба: http://www.biznes-daily.uz/ru/birjaexpert/63599–agromarkting–qishloq-xujaligi-ishlab-chiqaruvchilari-faoliyati-samaradorligini-oshirishning-muhim-omili

Ўзбекситон фермер, деҳқон хўжаликлари
 ва томорқа ер эгалари кенгаши
 бош мутахассиси Д.Мирзакаримов

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram