Такрори экинга мошдан яхши даромад
Соҳаларда жадал бораётган ислоҳотлар ҳар биримиздан фаол бўлишни, ишнинг кўзини билиб, меҳнат қилишни талаб этмоқда.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бу йил ғалладан мўл ҳосил олинди. Ўриб олинган ғалла майдонлари сомондан тозаланиб, пешма-пеш шудгор қилинди. Туманнинг қулай иқлим шароитидан самарали фойдаланаётган фермер хўжаликлари такрорий экинлардан ҳам яхшигина даромад олишга аҳд қилишган.
Туман ҳокимлиги ишлаб чиққан чора-тадбирлар режасига кўра, 4 388 гектар майдонга такрорий экин экиш кўзда тутилган эди. Айни вақтда фермер хўжаликлари 4 559 гектар майдонга дуккакли, 192 гектарга озуқа экинлари уруғини сепишган. Кечки картошка ва сабзавот экиш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда.
Бу йил сув захираларининг етарли даражада эканлиги ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экиб, қўшимча даромад олиш имконини бермоқда, – дейди тумандаги “Мангарон унумдор замин” фермер хўжалиги раиси Қурбон Мусаев. – Ўтган йили такрорий экин сифатида кечки мош экиб, яхшигина даромад олган эдик. Бу йил ҳам 7 гектар майдонга мош экдик. Ҳозир мош уруғи тўлиқ униб чиқди. Энди уни вақтида суғориб, озиқлантириб, мўл ҳосил олишга эришиш ниятидамиз.
Каттақўрғонлик деҳқонлар туманда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисмини четга экспорт қилиб, туман иқтисодиётининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш ниятида астойдил меҳнат қилмоқдалар
В.Латипов
кадрлар бўлими бош мутахассиси