Колбасанинг арзонлиги ва эримайдиган музқаймоқлар
Дўконга ёки супермаркетга кириб бордингиз. Пештахтада иккита маҳсулот ёнма-ён турибди. Бири хорижда, иккинчиси ўзимизда тайёрланган. Бундай вазиятда кўпчилик хорижникини олгиси келади ва олади ҳам.
Бироқ… хорижий 2 фоизли 200 граммли қатиқни ёнида ўзимизники бор ва нисбатан арзон. Шу ўринда муддатига эътибор қилсак, унисида икки ой, ўзимизникида бир ҳафта. Қайси бири афзал?
– Озиқ-овқат маҳсулотларини сақланиш муддати қанча кам бўлса, шунча экологик тоза бўлади, – дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси раиси Т.Жалилов. – Мисол учун, Канададан колбаса олиб келинмоқда, уларнинг сақланиш муддати икки йил. Бунча муддат туриши учун Е 100дан тортиб Е 600 каби кимёвий қўшимчалар қўшилади. Сут ҳам олти ой, икки йил. Бунда маҳсулот таркибидаги барча тирик организмлар ўлдирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда бир ойдан 3-4 кунгача муддат бўлади. Демакки, улар экологик тоза ва табиий. Аммо, кейинги вақтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам муддатларни узайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу борада стандарт ташкилотлари билан қатор тортишувлар бўлмоқда.
Шу ўринда компания раиси музқаймоқларни сифати ва колбасанинг арзонлиги ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини маълум қилди.
– Яқинда хорижнинг машҳур брендларидан бири ишлаб чиқарган музқаймоқдан харид қилиб, автомобилда бир соатдан кўпроқ йўл юрдик, –дейди Т.Жалилов. – Шунча вақтда ҳам у эримади. Ваҳоланки, ҳақиқий музқаймоқ 30- 40 даражада қисқа муддатда эриб кетиши керак эди. Колбаса ишлаб чиқаришда ҳам саволлар кўп. Албатта, бу унинг таннархи билан боғлиқ. Кўп ҳолларда колбасани арзонлаштириш учун соя солинади. Гўштда қанча оқсил бўлса, сояда ҳам шунча бор. Соя солинганда колбаса арзон бўлади. Бу бутун дунё тажрибасида бор. Бизда ҳам ўзгаришлар даврида ким, қанча арзон маҳсулот таклиф қилса, шу бозорни эгаси бўларди. Шу қарашлар ҳамон давом этаётган жойлар ҳам бор. Энди биз битта маҳсулотни олиб, унга ГОСТ беришни таклиф қилмоқчимиз. Бироқ, бу ишни амалга ошириш осон бўлмайди.
Шундай бўлса-да, холдинг компания юртимиздаги ишлаб чиқарувчилар учун “Ўзбекистонники яхши” тамғасини таклиф қилмоқда. Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг биринчи чорагида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси тизимидаги 11 минг 700 ортиқ корхона 18,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди.
Уларнинг орасида номи анча машҳур корхона маҳсулотлари ҳам мавжуд. Ана шулар орасидан мингга яқин ташкилотга “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси “Ўзбекистонники яхши” тамғасини таклиф қилмоқчи.
Мазкур белги ҳаммага ҳам берилмайди. Яъни унинг сифат борасида бир қатор стандартлари бор. Ана шу талабларга жавоб берган маҳсулотларга ва унга эга бўлган маҳсулотлар кўпайган расталарга берилади. Ҳозирча мазкур тамғага эга бўлганлар учун имтиёз ёки енгиллик йўқ. Бироқ, мазкур белги маҳсулотлар сотилишини кўпайтириб, мижозлар ишончини ошириши тахмин қилинмоқда.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/kolbasaning-arzonligi-va-erimaydigan-muz-aymo-lar-13-08-2019