Томорқа хизмати: етказиб беради ва сотиб олади

Томорқа хизмати: етказиб беради ва сотиб олади

Ердан унумли фойдаланиш мақсадида иссиқхона қуриб, лимонзор барпо этишни режалаштирдингиз, дейлик. Бироқ, ернинг ҳолати бунга жавоб берадими? Йўқми? Билмайсиз. Бу борада маслаҳат қилиш учун ҳудудларда фаолият юритаётган “Томорқа хизмати” корхонаси мутахассислари сизга яқин кўмакчи бўла олади. Уларнинг хизматлари турлича бўлиши мумкин. 

Хусусан, улар уй шароитида ердан қандай самарали фойдаланиш бўйича хизматлар таклиф этади. Агарда етарлича маблағингиз бўлмаса, бўлиб тўлаш шарти билан моддий қўллаб-қувватлайди. Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари томорқа эгаларига бу борада кенг қамровли кўмак берилмоқда. Бедана, курка етказиб бериб, тухуми ва гўштини харид қилиш, иссиқхона қуриш, кўчат ва уруғликлар етказиб бериш кабилар шулар сирасидандир. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг ўтган даврида тизимдаги элликдан ортиқ “Томорқа хизмати” корхоналари ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ томорқа эгаларига турли хилдаги хизматлар кўрсатди. 

Агарда бажарилган юмушларни вилоятлар кесимида кўриб чиқилса, ютуқлар ва натижалар янада яққол кўринади. Мисол учун, ўтган йили Самарқанд вилоятида бир минг олти юздан ортиқ томорқа ер эгаларига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратди. Хусусан, иссиқхонани ривожлантириш учун 776 та лойиҳа, паррандачилик учун 385 та лойиҳа қўллаб-қувватланди. Йил якунига кўра, 1947 иш ўрни яратилди. 

Жорий йилда эса томорқа ер эгаларининг истакларини инобатга олган ҳолда бир минг юздан кўпроқ, 11 миллиард 529 миллион сўмлик лойиҳалар ўрганилди. Бу билан қўшимча мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. 

Ҳозирда айланма маблағларга муҳтож бўлган “Томорқа хизмати” жамиятлари ҳам эътиборда. Уларнинг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантириш мақсадида вилоятдаги учта “Томорқа хизмати”га улуш билан кирилди. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фермерларга етти фоизли имтиёзли кредитлар ҳам бермоқда. Хусусан, “Жўш ота боғлари” фермер хўжалигига 600 миллион, “Ривожиддин Муҳриддин” фермер хўжалигига 890 миллион, “Омад” фермер хўжалиги 814 миллион сўм олти ой имтиёзли давр билан ажратилди. 

Айни вақтда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси “Томорқа хизмати” корхоналари ва томорқа эгаларининг моддий ва маънавий кўмакчисига айланмоқда.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/tomor-a-khizmati-etkazib-beradi-va-sotib-oladi-12-08-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram