Солиқ қарздорлигидан қочиб тракторларини яширган фермернинг сири фош бўлди
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Файз” фермер хўжалиги солиқ қарздорлигини тўламасликнинг антиқа йўлидан фойдаланмоқчи бўлди. Шу мақсадда фермер хўжалик балансидаги иккита тракторни қасддан яшириб, солиқ қарздорлигини узишдан бўйин товлади.
– Гап шундаки, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов, – Жорий йил январь ойида Мажбурий ижро бюросининг Денов тумани бўлими иш юритувига тумандаги “Файз” фермер хўжалигидан туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 40 миллион 284 минг сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушгач, ижро ҳаракатлари чоғида хўжалик балансидаги трактор воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинди. Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими қидирув шўъбаси томонидан фермер хўжалигига тегишли бўлган 2018 йилда ишлаб чиқарилган “ТД5.110 4 WD”русумли ва 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Арион-630” русумли трактор воситалари туманнинг Минор маҳалласидан топилди.
Мазкур техникалар давлат ижрочилари томонидан хатлангач, бу қилмишидан пушаймон бўлган фермер ижро ҳужжатида кўрсатилган солиқ қарздорлигини тўлиқ қоплаб берди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/soli-arzdorligidan-ochib-traktorlarini-yashirgan-fermerning–26-07-2019