Олти ойда 780 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди

Олти ойда 780 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ўтказган очиқ мулоқотда маълумот берилди. 

Унда Президентимизнинг жорий йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва ижроси муҳокама қилинди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва узумчилик бошқармаси, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги мутахассислари боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларидаги бугунги ҳолат, соҳани ривожлантиришга доир масалалар бўйича журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

Ўзбекистонда жами 269,5 минг гектар боғ бўлиб, шундан 188 минг гектар боғ фермер хўжаликлари ихтиёрида. 2018 йилда эса 9 минг гектар интенсив боғлар барпо этилган. Боғдорчилик соҳасини техникалар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида 2025 йилгача агротехникалар сонини 12 минг 533 донага кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва бу жараён босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 780 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари (700 миллион доллардан ортиқ) экспорт қилинган. Ташқи бозорга чиқарилган қуритилган мевалар эса 10 минг 268 тоннани ташкил этган. 

Бугунги кунда дунё бозорида айнан қандай мева маҳсулотларига талаб кучайиб бораяпти? 

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу талабни ўрганиш ва қоплаш борасида мамлакатимиз аграр соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундан буён уруғ мевали боғлар эмас, балки данак мевали боғларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўринмоқда. 

Юртимиздаги барча тоифадаги хўжаликларда жами 269,5 минг гектар боғларнинг 118 минг гектари ёки 44 фоизини олма боғлари ташкил этади. Бугунги кунда дунё бозорида асосий талаб гилос, шафтоли, ўрик, олхўри, хурмо ва лимон каби боғдорчилик маҳсулотларига бўлмоқда. 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, 17 минг тонна гилос, 8,3 минг тонна шафтоли, 50 минг тонна ўрик, 15 минг тонна олхўри экспорт қилинди. Лимонга ҳам йил сайин талаб ортиб бормоқда. 

Охирги 3 йилда республикамизга боғдорчилик соҳасига 750 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жорий йилнинг шу давригача 56 мева-сабзавот кластери ташкил этилиб, уларга 23,7 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилди. 
2016-2019 йилларда жами 293 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, уларнинг ўрнига қўшимча экспортбоп экинлар, жумладан, 93,7 минг гектар сабзавот, 37,5 минг гектар дуккакли, 15,1 минг гектар полиз, 55,6 минг гектар озуқа, 3 минг гектар шоли ва 19,1 минг гектар мойли экинлар экилади. 27,5 минг гектар интенсив боғлар ва 11 минг гектар токзорлар, 568 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. 

Анор ва лимон маҳсулотларини кўпайтириш экспорт ҳажмларини ошириш, қолаверса, анор ва лимон брендларини яратиш учун “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар“ ва “Анор етиштирувчилар“ уюшмалари ташкил этилди. Жаҳон бозорида анорга ва лимонга талаб ошиб бораяпти. Жорий йилнинг ўзида 2 минг гектардан ортиқ майдонда анорзорлар ташкил этилди. Бундан ташқари, иссиқхоналарда мандарин ва апельсин ўсимликларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. 

Боғларни техника билан таъминлаш даражаси қандай? 

Бугунги кунда юртимизда боғларда ишлайдиган махсус техникалар билан таъминланиш даражаси 25-30 фоиздир. Боғларда ихтисослашган мини тракторлар сони 1 минг 709 донани ташкил этади. Бундан ташқари, боғларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш учун зарур бўлган турли хилдаги агрегатлар (пуркагичлар, тиркамалар ва бошқалар) сони 5 минг 270 донани ташкил этмоқда.

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/olti-oyda-780-ming-tonna-meva-sabzavot-eksport-ilindi-19-07-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram