Бозорларда гўштнинг 50-60 мингга чиқиши ҚҚСга боғлиқми?

Бозорларда гўштнинг 50-60 мингга чиқиши ҚҚСга боғлиқми?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 октябрдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади. 

Ижтимоий тармоқларда яна йил бошидаги каби ҚҚС билан боғлиқ шов-шувлар кўпайиб бормоқда. Кўпчилик, энди нарх-наво ошади, гўштнинг нархи ҳам шунинг учун баланд бўлиб кетди, деган хавотирларни билдиришмоқда. Аслида нима бўлади? 

Бу саволга Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Давлатхўжа Мўминхўжаев муносабат билдирди. 

– Бу унчалик тўғри фикр эмас, – дейди Д.Мўминхўжаев. – Нарх деганда алоҳида маҳсулотни эмас, тўлақонли маҳсулотларни тушунишимиз керак. Тўғри, айрим маҳсулотлар ошади, баъзилари эса тушади. Кўпчилик нотўғри талқин қилиши туфайли нархларнинг сунъий ошириш ҳолатлари бор. 

Бир қарашда фермерларнинг ҚҚСдан озод этилиши маъқулдек туюлади, лекин бундай “имтиёз” фермер хўжаликлари учун ҳам, уларнинг маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар учун ҳам унчалик фойдали эмаслигини гувоҳи бўлдик. Чунки, фермерга ҚҚС ҳисобламаслик, ҚҚСни ҳисоблашнинг кетма-кетлик занжирини узилишига ҳамда аввал тўланган ҚҚС суммасини ишлаб чиқариш харажатларига қўшилиши натижасида маҳсулот таннархини ошишига олиб келади. 

Аслида умумий овқатланиш шохобчаси гўштни фермердан ҚҚС билан олса, ундан тайёрланган овқатга ҚҚСни нисбатан камроқ тўлайди. Бу эса овқатларни арзонроқ бўлишини таъминлайди. Йўқса, тадбиркор нафақат фермер ўрнига ҚҚС тўлайди, балки аввал гўшт етиштириш харажатларига киритилган ҚҚС устига яна ҚҚС ҳисоблашларига тўғри келади. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҚҚС олиниши туфайли нархлар арзонлашади ва маҳсулотлар барқарор ишлаб чиқарилади. 

Нархларни ўсиш занжири овқатланиш шохобчаларида давом этиб, ҚҚСни тўлаш охирги истеъмолчи, яъни аҳоли зиммасига бориб тушади. Шунинг учун, кейинги вақтларда йирик супермаркетлар ва савдо дўконлари фермерлардан маҳсулот харид қилишни истамай қолган эди. Агарда ҚҚС бўлса, бу борада муаммо бўлмайди. 

Энг асосий масала – бу фермерни экспортга бўлган иштиёқини рағбатлантириш. Мисол учун, фермер гилосни 5 минг сўмдан, экспорт қилса, божхона харажати билан 6 мингга айланади. ҚҚС қўшилганда 500 сўм минерал ўғит учун харажат қилган бўлса, экспорт қилган фермерга ана шу пул ҳам қайтариб берилади. Бу унга қўшимча фойда бўлиб қолади. 

Айни вақтда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига айланди. Улар белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. 

Фақатгина пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади. 

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларнинг имтиёзлари бекор қилинди. 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/bozorlarda-g-shtning-50-60-mingga-chi-ishi-sga-bo-li-mi-18-07-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram