Хоразмликлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экишда анча фаол

Хоразмликлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экишда анча фаол

Аввал хабар берилганидек, жойларда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини ўрганиш мақсадида иш бошлаган Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Хоразм вилояти бўлди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи вилоятда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятда такрорий экин экиладиган жами ер майдони 33200 гектарни ташкил қилиб, шундан 26294 гектарига турли маҳсулотлар экиш кўзда тутилган. Ҳозирга кунга қадар 2326 гектарига сабзавот, 247 гектарига полиз, 154 гектарига кунгабоқар, 1739 гектарига дуккакли, 17832 гектарига шоли ва бошқа экинлар экилди. Қолган режада белгиланган ер майдонларига экин экиш ишлари 20 июлгача тўлиқ бажаралиши режалаштирилган.  

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туманлари қатори Қўшкўпир туманида ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва фермерлар ҳамда аҳоли томонидан такрорий экин экиш жараёнлари билан танишди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда туманда 3455 гектар майдонда ғалла етиштирилган. Айни пайтда бошоқли дон ҳосили ўриб-йиғиб олинган ерларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ишлари якунланиб, экин экиш ишлари давом этмоқда.

– Ғаллани яқинда йиғиб-териб олиб, ўрнига турли хилдаги такрорий экинлар экилмоқда, – дейди Қўшкўпир туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Жўрабек Полвонов. Жумладан, 748 гектар ер майдонига сабзавотлар, 450 гектарига шоли, 330 гектарига дуккакли экинлар, 146 гектарига кунжут, 104 гектарига кунгабоқар ва 26 гектар ер майдонига полиз экинлари экилди.        

Тумандаги “Одамбой Хурсанд” фермер хўжалиги раҳбари Матжон ака Хасанов ер билан тиллаша оладиган, ернинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланаётган миришкор деҳқонлардан бири. Унинг фаолиятини ўрганар эканмиз, 101 гектар ер майдонига эга тажрибали фермер жорий йилда           16 гектар ғалладан бўшаган ерларнинг 5,5 гектарига сабзи, 2,4 гектарига мош, 1 гектарига шоли, 1 гектарига полиз экинларидан шолғом, туруп ва шу каби маҳсулотларни экиб, дастлабки суғориш ва шудгорлаш ишларини маромига етказиб қўйган. Оила аъзолари ва маҳалла ёшларини фойдали меҳнатга жалб қилиб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиши баробарида, ёшларнинг даромад олишларига, шу қатори ўз фаолиятини ривожланишига ҳам эришмоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташрифи туманнинг “Олтин воҳа” МФЙ ҳудудидаги “Қурёз ота” боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бўлди.

Ботир ака раҳбарлиги остида етиштирилган маҳсулотлар бозорлар тўкинлигини таъминланмоқда.

– Боғимизга олма, шафтоли, ўрик меваларини экканмиз. Боғ ораларига эса картошка, сабзи, каром, булғор қалампири, ошқовоқ, саримсоқпиёз каби сабзавот экинларини ҳам экиб, ернинг кичик заррасини ҳам бўш қолдирмасликка, ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ботир Болтаев.

Меҳнати оғир бўлишига қарамай, деҳқон ўз фаолиятидан мамнун. Сабаби етиштирган маҳсулотлари оиласи дастурхони тўкинлигини таъминлаши баробарида ички бозорларини ҳам таъминлаяпти. Ҳар йили мўмайгина даромад олаётган Ботир ака жорий йилда даромадини 40-45 млн сўмга етказишни режалаштиряпти.

Тиниб-тинчимас ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Хива тумани бўлди. Айтиш жоизки, туманда ғалладан бўшаган 2530 гектар ер майдони тозаланиб, шу кунгача 2200 гектар эр майдонига такрорий экинлар экилган ва ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Шундан 591 гектарига сабзавотлар, 100 гектарига турли хилдаги полиз экинлари, 44 гектар ерга кунгабоқар, 494 гектар ерга дуккакли экинлар, 700 гектар ер майдонига шоли ва шу каби бошқа тур экинлар экилган.

– Туманимиздаги 510 нафар кам таъминланган оилаларнинг турмуш тарзини ва яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида жорий йилда 50 гектар ер майдони ажратиб бердик, – дейди туман фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Махсудбек Эрназаров. -Уларга ер майдони берибгина қолмай, керакли уруғ ва кўчатлар билан ҳам таъминлаб, маҳсулот олишлари учун мунтазам равишда зарур кўрсатмаларни ва тавсияларни бериб келмоқдамиз. Кўп оилалар эндиликда ердан оладиган даромаднинг фойдасини билиб, ўзлари ҳам қўшимча ерлар олиб, оиласи даромадини яхшиламоқда. Бу билан туманимизда кам таъминланган оилалар сонини камайтиришга ва аҳолини ердан унумли фойдаланишига ҳам эришмоқдамиз.

127 гектар ер майдонига эга “Раҳимберган Хожи Анбар” фермер хўжалиги Хива туманининг “Истиқлол” МФЙ ҳудудида жойлашган. Ишчи гуруҳ ташрифидан хабар топган Қадамбой ака Қутлиев гуруҳ аъзоларини ўзининг мазкур фермер хўжалигига таклиф қилди.

Таклифи бежизга эмас экан, бугунги кун талабларига ҳар томонлама жавоб берадиган, маҳалласи ҳавас қиладиган мазкур хўжаликда етиштирилмайдиган маҳсулот ва экинларнинг ўзи йўқ.

Қадамбой аканинг айтишича, 72,5 гектар пахта, 23,5 гектар ғалла, 7 гектар сабзавот, 11,5 гектар боғи мавжуд. Жорий йилги ғалладан ўртача 65 центнердан ҳосил олди. Ғалладан бўшаган ер майдонига эса тезда такрорий экинлар, жумладан, 11 гектар ерга сабзи, 2 гектар ерга каром ва  5 гектар ерга шоли экиб ҳам улгурди. Шунингдек, 5 гектар озуқа экинлари ҳам эккан.

– Олган даромадимиздан орттириб ерни шудгорлаш, экин экиш, ўрим-йиғимга хизмат қиладиган 4  та замонавий қишлоқ-хўжалиги техникалари сотиб олдик. Маҳалламиздаги 4 та кам таъминланган оилаларга 10 сотиҳдан ер майдони ажратиб бериб, ерини шудгорлаш, экин экиб беришга ҳам кўмаклашдик, – дейди “Раҳимберган Хожи Анбар” фермер хўжалиги раҳбари Қадамбой Қутлиев.

Хушнуд Жуманиязов раҳбарлик қилаётган “Хударган ота” фермер хўжалиги ҳам туманда ном чиқарган ва ҳамма маслаҳат оладиган фермер хўжалиги бўлгани сабабми, ишчи гуруҳ ушбу манзил билан ҳам қизиқди.

Фермер хўжалигининг умумий майдони 93,5 гектар бўлиб, 59 гектарига пахта экилган. 28,8 гектар ғалладан бўшаган ерларга эса ишчи-ходимлари ва оила аъзолари билан биргаликда 8 гектар шоли, 6 гектар мош, 7 гектар сабзавот экинлари эккан, фаолияти учун 3 та техника ҳам сотиб олган.

– Шу кунгача маҳалламиздаги ва қўшни маҳалладаги 12 та кам таъминланган оилаларга 2 гектардан ер майдони ажратиб бердик, – дейди фермер хўжалик раҳбари Хушнуд Жуманиёзов. – Улар ҳам ўзлари учун зарур маҳсулотларни эндиликда шу майдонларда етиштириб, фойдаланмоқда.     Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари ана шундай давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда куннинг жазирама иссиғи ва қуруқ иқлим шароитига чидам билан, меҳнатига қийналмай, ерга меҳр бераётган меҳнатсевар хоразмликлар фаолиятидан гуруҳ аъзолари мамнун. 

Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

http://uzlidep.uz/news-of-party/4723

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram