Ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш иккинчи экин экишга тайёрланмоқда
Навоий вилояти Кармана туманида жорий йилда 7 минг 371 гектар майдонда ғалла ҳосили ўриб-йиғиб олиниб, шундан 4 минг 740 гектар майдонга такрорий экин экиш режалаштирилган.
Айни пайтда бошоқли дон ҳосили ўриб-йиғиб олинган ерларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ва экин экиш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача белгиланган ер майдоннинг 72 фоизига такрорий экин экиш ишлари бажарилди. Хусусан, 2 минг 460 гектарга сабзавот, 1 минг 102 гектарга дуккакли, 1 минг 64 гектарига тариқ, қолган ерларга полиз, кунгабоқар, шоли ва озуқа экилиши мақсад қилинган.
Бу ҳақда ЎзА ҳудудларда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини ўрганаётган ишчи гуруҳ томонидан маълум қилинди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда бир қатор вазирлик, мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи вилоятида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганмоқда. Мавжуд камчиликлар аниқланганда, уларни амалий ҳал қилишга кўмаклашмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туманларида бўлгани каби Кармана туманида ҳам ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва фермерлар ҳамда аҳоли томонидан такрорий экин экиш жараёнлари билан танишди.
– Бу йил 40 гектар майдонда ғалла етиштириб, 65 центнердан ҳосил олдик, – дейди Кармана туманидаги “Аҳмад Санжар” фермер хўжалиги раҳбари М.Ҳаитов. – Ҳозирда ғалладан бўшаган 15 гектар ерга сабзи, 5 гектарига қизил лавлаги, 2 гектарига шолғом, 1 гектарига тарвуз экдик. Такрорий экин экиш биз фермерларга яратиб берилган катта имконият бўлиб, қўшимча даромад манбаига айланди. Бу йилги такрорий экиндан 50-60 миллион сўм қўшимча даромад олишни мақсад қилганмиз.
Ишчи гуруҳ ушбу тумандаги “Севолтепа Раззоқи” фермер хўжалигини кўздан кечирганда ғалладан бўшаган ер майдонига пешма-пеш такрорий экин экилаётган жараёни гувоҳи бўлишди. Хўжаликка тегишли 130 гектар ер майдонининг 32 гектарига ғалла экилган эди. Жорий йилги ғалладан 71 центнердан ҳосил олингани эътиборга молик. Айни пайтда сомондан тозаланган ерга сабзи, лавлаги, шолғом маҳсулотлари экиляпти. Ерни шудгорлаш, экин экишга мўлжалланган техникалар етарли. Хўжаликда ўтган йили ҳам турли сабзавот маҳсулотлари етиштириб, олинган даромадга маҳсулотларни сақлаш учун 100 тонналик музлатгич-омборхона қурилган.
Ишчи гуруҳ Навбаҳор туманида ҳам такрорий экинлар экиш ишлари яхши ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Бугунги кунда тумандаги 8 минг 682 гектар ердаги бошоқли дон йиғиштириб олиниб, сомондан тозалаш ва шудгорлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу майдонларнинг 5 минг 442 гектарига сабазовот ва дуккакли экинлар экишга ҳозирланиб, ерга уруғ қадашга киришилган.
– Ғалладан бўшаган ерларнинг 7 минг 743 гектарига такрорий экин экиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Навбаҳор тумани кенгаши раиси Жўрабек Худойбердиев. – Жумладан, бу майдонларнинг катта қисмига яъни 2 минг 556 гектарига тариқ ва кунжут, 1 минг 256 гектарига сабзавот, 1 минг 506 гектарига мош, 2 минг 45 гектарига озуқа экинлар экиш режалаштирилган ва бу ишлар ҳозирда давом этмоқда. Такрорий экинларни экиш учун керакли миқдорда уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материаллари захираси яратилган.
Ушбу тумандаги “Салимчўли” фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини жадаллик билан бошлаб юборган. 51,9 гектар ер майдонига экилган ғалла ҳосили йиғиб олинган. Ушбу бўшаган ерга такрорий экин учун шудгорлаш, экин экиш ишлари олиб бориляпти. Хўжалик ишчиларининг 15 нафарига 1 гектардан, кам таъминланган оилаларнинг 7 нафарига 0,5 гектардан ер ажратиб берилган. Ерни шудгорлаб беришдан тортиб экин экишгача кўмаклашилаётгани эътиборга молик.
Ўрганишлар жараёнида ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам борлиги кўзга ташланди. Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва секторлар раҳбарларига кўрсатма хатлар юборилди.
И.Аввалбоев, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/alladan-b-shagan-maydonlar-peshma-pesh-ikkinchi-ekin-ekishga-13-07-2019