Йўлдош ота: “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби бўлишни истайман

Йўлдош ота: “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби бўлишни истайман

Йўлдош Таслимбоев лимончилик билан шуғулланганига ҳам 27 йилдан ортиқ вақт ўтиб қолди. 

– 1993 йилда бетоб бўлиб, шифохонага тушиб қолдим, – дейди Йўлдош ака. – Ҳамхонам мендан бир неча ёш каттароқ, меҳнаткаш, ҳазилкаш инсон экан. Ундан лимон етиштириш, маҳаллий иссиқхона қуриш сирларини ўргандим. У даврларда лимоннинг “Тошкент” нави бор эди. 5 сотих томорқада ана шундай лимонзор ташкил этдик. Йиллар ўтиб, мен ҳам ўндан ортиқ шогирд тайёрладим, иссиқхона сирларини маҳалламиз аҳлига тушунтирдим. 

Отахоннинг 4 фарзанди. 11 набираси ана шу лимонлар орасида ўсиб, улғайди. Ўша замонларда қўлбола шаклда кўтарилган иссиқхона деворлари ҳамон хизмат қилмоқда. Октябрдан-мартгача пахса девор устига пластикли пакет ёпилади. Қолган вақтда лимонлар очиқ ҳавода парваришланмоқда. 

Ўтган йили ҳар бир дарахтдан 50 килограммдан ҳосил олиб, яхшигина даромад кўрган Юқори Чирчиқ туманида яшовчи Йўлдош Таслимбоев жорий йилда Президент қарори билан таъсис этилган “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби бўлиш истагида қамишдан белбоғ боғлаб меҳнат қилмоқда. Шу мақсадда фаолиятини янада ривожлантириш ва даромадни оширмоқчи бўлиб, яна 4 сотихда замонавий иссиқхона барпо этмоқчи. Унда серҳосил майер навини етиштирмоқчи. Лимоннинг “Мейер” нави ҳосилдорлиги, эрта мева бериши ва маҳаллий шароитга тез мослашувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради. 

photo_2019-07-18_15-16-20.jpg

– Пул кўп кетса ҳам лимонни етиштиришда турли касалликларга қарши доимий ишлов бериш зарур, – дейди Й.Таслимбоев. – Ҳар ойда бир марта дорилаш керак, шунда барги ва ҳосили яхши туради. Энг муҳими, бунда ҳар хил доридан фойдаланиш керак. Негаки, шира битта дорига ўрганиб қолса, ўлмас экан. Тагига гўнгни мўл бериб, сувни узмасангиз иссиқда мева бир текис чиқади. Акс ҳолда кўриниши ўзгаради. Шифобахш ва инсон организми учун зарур бўлган даволовчи озуқа моддалари жуда кўп бу цитрус ўсимлиги оилавий бизнес учун жуда ҳам фойдалидир. Иш бошлашдан сира чўчимаслик керак. Йил ўтгани сайин етарли тажриба ҳам орттириб борасиз. 

Айни вақтда ҳудудларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонларини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида тузилган комиссия барча туманлардан муносиб номзодларни сараламоқда. 

Маълумотларга кўра, кўкрак нишони билан бирга қимматбаҳо совғалар тақдим этилади. Хусусан, “Илғор фермер”га ”Спарк” автомобили, “Меҳнаткаш деҳқон”га юкхонали мотоцикль, “Намунали томорқачи”га мотокультиватор бериш кўзда тутилган.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/y-ldosh-ota-namunali-tomor-achi-k-krak-nishoni-so-ibi-b-lish-18-07-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram