Мулкдорлар: “Банклар биздан фоиз талаб қилмоқда”

Мулкдорлар: “Банклар биздан фоиз талаб қилмоқда”

Миллий матбуот марказида ўтказилган “Экспортга доир қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Республика Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг ижроси” мавзусидаги матбуот анжуманида айтилган бу фикр кўпчилик учун янгилик бўлиши мумкин. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бугунги анжуманида бу каби қизиқарли ва кўплаб янги масалалар муҳокама қилинди. 

– Айни вақтда банклар бизни эзиб ташлади, – дейди Паркент туманидаги “Заркент соҳиби” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ҳабибулла Қурбонов. – Улар ҳам даромадимизга, ҳам пулимизга шерик бўлмоқда. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим. Яқинда мева қуритиш ва совутгич ускуналари харид қилиш учун банк орқали шартнома қилиб бу жиҳозларни харид қилиш учун хорижий компанияга 150 минг доллар ўтказишга тўғри келди. Ана шунда банк хизмат кўрсатгани учун бир фоиз, пулни четга юборгани учун яна бир фоиз маблағни ушлаб қолди. 

photo5258350824843750157.jpg

 Тошкент вилоятидан келган яна бир фермер бу сўзларни давом эттириб, яқинда экспорт қилгани, хориждан келган валюта банкда қолиб, унга сўм берилгани, бироқ бу пулдан банк хизмат ҳақи олиб қолгани ҳақида айтди. Яъни тушган 300 минг долларни нақд шаклида бергани учун банк хизмат ҳақи сифатида 40 миллион сўмни олиб қолибди. 

– Бундай ҳолатларнинг сабаби фермерларнинг ҳуқуқий маданияти нисбатан пастлиги, – дейди кенгашнинг ҳуқуқшуноси Соҳибжон Хотамов. – Улар банк ёки бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномаларни яхшилаб ўрганиб, манфаатига зид шартларни рад этмайди. Баъзида уни ўқимасдан ҳам қўл қўйади. Бундай эътиборсизлик эса кейин кўплаб норозилик ва ташвишга сабаб бўлади. Шу боис мулкдорларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Айни вақтда ҳар бир туманда иккитадан юрист штати очилган. Улар кенгаш аъзоларига текин хизмат кўрсатмоқда. 

Матбуот анжуманида кўтарилган яна бир масала бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг қимматлиги билан боғлиқ саволга ташкилотчилар бир овоздан бу – бозор иқтисодиётининг талабларидан бири эканини қайд этишди. 

Аслида ҳам маҳсулот баҳосини сунъий ушлаб туриш оқибатлари деҳқонларнинг бир неча маротаба “меҳнатига қўйиб” қолишига сабаб бўлгани кузатилган. Ўтган йилги пиёз, аччиқ қалампир масаласиз ҳаммани эсида. Зеро, бозорда талабга кўра таклиф бўлиши, маҳсулот қанчалик қиммат бўлса, деҳқон меҳнати қадр топиши кундай равшан. 

Сайёра Шоева, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/mulkdorlar-banklar-bizdan-foiz-talab-ilmo-da-05-07-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram