Энди дала мобил бошқарилади
Бундан бироз аввал Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ўтказаётган амалий семинар иштирокчилари Янгийўл туманидаги Агровер корхонаси даласига етиб келишди.
Картошка майдонида жорий этилган ёмғирлатиб суғориш технологияси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Дарҳақиқат, кўм-кўк экинлар ўртасида фавворадек бўй кўрсатиб турган бу ускуна кўп жиҳатдан фойдали экан. Унинг ёрдамида ҳам агротехник тадбирлар, ҳам сарф-ҳаражатлар қисқаради, энг муҳими, одам омили ҳам иқтисод қилинади. Бу ҳам етмаганидек, ёзнинг жазира кунларида салқинлигини айтмайсизми?! Қолаверса, хонадан чиқмасдан далада суғориш ишларини амалга ошириш мумкин.
– Корхонамиз 5 минг гектардан зиёд ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиради, – дейди Агровер МЧЖнинг лойиҳа бўйича менеджери Козим Зуҳриддинов. – 1,5 минг гектарда картошка, қолган майдонларда пиёз, сабзи, саримсоқ пиёз етиштирамиз. Айниқса, картошка сувни жуда яхши кўради. Шу сабабли ёмғирлатиб суғориш технологияси ҳосилдорликни оширишда қўл келмоқда. Масалан, одатий майдонларда ҳар гектар картошкадан 25 тонна ҳосил олинса, биз 45 тонна картошка оляпмиз. Ёмғирлатиб суғоришнинг яна бир афзаллиги – култивация ишлари бир неча баробарга қисқаради. Америка тажрибасига кўра, бу усул пахта ҳосилдорлигини оширишда ҳам қўл келади. Келгусида пахта майдонларида ҳам ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этмоқчимиз.
Кузатишларимиз натижасига кўра, 40 гектар майдонни эгатлаб суғорганда 8 нафар сувчи меҳнат қилса, ёмғирлатиб суғоришда ана шу ишни битта сувчи бемалол бажара олар экан. Энг қизиғи, ердан фойдаланиш самарадорлиги ҳам ошган. Яъни, ўқариқ ва зовурларнинг экин майдонига қўшиб юборилиши ҳисобидан ҳам ҳосилдорлик ошади. Ернинг эррозияга учраш ҳолатларига ҳам чек қўйилган.
Ўқув-амалий семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Навбатдаги манзил Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани Peng Sheng Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси. Айтишларича, бу ерда биз пахта етиштиришда қўлланилаётган томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликалари билан танишар эканмиз. Шундай экан, сайтимиздан узоқлашманг.
Сайёра Шоева, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/endi-dala-mobil-bosh-ariladi-06-07-2019