Ишчи гуруҳ Хоразм вилоятидаги томорқа эгаларининг фаолияти билан танишди

Ишчи гуруҳ Хоразм вилоятидаги томорқа эгаларининг фаолияти билан танишди

Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида бўлди. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ дастлаб Шовот туманидаги ер эгалари билан учрашди. Тумандаги Раёт маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга ташриф буюрилганда, ҳудуд аҳолисининг ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаётгани, ўз томорқасидан қўшимча даромад олаётганига гувоҳ бўлинди. 

Мазкур маҳаллада 5 минг 180 нафардан ортиқ аҳоли 924 та хонадонда истиқомат қилади. 61 гектар аҳоли томорқалари, 82 гектар дала томорқалари мавжуд бўлиб, у ердагилар асосан ғалладан бўшаган ерга эртаки картошка, сабзи карам, пиёз каби турли сабзавот маҳсулотлари етиштириб келмоқда. Маҳалла фаоллари, турли ташкилотлар кўмагида аҳоли орасида томорқадан самарали фойдаланиш борасида аҳолига тушунчалар бериб келмоқда. 

“Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамият томонидан кам таъминланган оилалар, қаровсиз ётган ерларни шудгорлаб бериш, уруғ, кўчатларини келтириб экиб беришда яқиндан кўмаклашиляпти. 

Дурдибой Қулматов ҳам ушуб маҳаллада истиқомат қилади. У ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб келаётган намунали томорқачилардан биридир. Дурдибой ака ўз томорқасига оилавий меҳнат қилиб келади. 

9a8e96f4-cf5a-48b4-9218-f54101285a9b.jpg

– 12 сотих шахсий томорқа ҳамда 12 сотих дала томорқамиз мавжуд, – дейди Дурдибой Қулматов. – Томорқамизнинг озроқ қисмига ғалла эккандик. Ҳосилни йиғиштириб олиб, унинг ўрнига сабзи, помидор, лавлаги, пиёз, булғор қалампир, бақлажон, дуккакли экинлар экдик. Ҳозирда 12 тоннагача сабзавот маҳсулотлари етиштириб олдик. Бозорларга маълум қисмини сотдик. Ҳовлимизда бундан ташқари, турли мевали дарахтлар ҳам экилган. Бир йилда 3 мартагача ҳосил оламиз. Асосий оилавий даромадимиз томорқадан. Келажакда имтиёзли кредит олиб 4 сотих иссиқхона қуришни, паррандачилик ва қуёнчиликни ҳам ривожлантиришни мақсад қилганмиз. 

Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида ушбу маҳаллага қўшни бўлган “Мевазор” маҳалласига ҳам ташриф буюриб, аҳоли хонадонлари томорқаларини кўздан кечирди. Аҳолига қўшимча сифатида ажратилган дала томорқаларидан айрим хонадон вакиллари самарасиз фойдаланишаётганлиги гувоҳи бўлдик. 3 та хонадоннинг 10 сотих ер майдони ташландиқ аҳволга келиб қолган бўлиб, янтоқ ўсиб ётганлигига гувоҳ бўлишди. Ишчи гуруҳ тегишли мутасадди ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, шу ернинг ўзида ушбу дала томорқалари шудгорлаб берилди. У ерга турли сабзавот маҳсулотлари экиш учун уруғ ва кўчатлар етказиб беришда кўмаклашилди. 

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили “ Жидали қалъа” маҳалласи бўлди. Рўзимбой Отажонов хонадонига ташриф буюрилганда у кишининг томорқасини кўриб кўзингиз қувнайди. 

3c4fb361-733f-430e-9073-96d80aa787f7.jpg

 Туманнинг Янгийўл маҳалласи аҳолиси ҳам томорқанинг ҳадисини олган. У ерликларнинг асосий даромади дала томорқасидан бўлиб, боғ ораларига тўқсонбости ва дуккакли экинлар экиш билан шуғулланади. 

– Қўшимча даромад сифатида дала томорқамизнинг 6 сотих ерга иссиқхона қурган эдик, – дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган Сурайё Тўраева. –Март ойида қурилган ушбу иссиқхонамизда помидор, бодринг эккан эдик. Ҳозир маҳсулотларимизнинг бозор чиқаряпмиз. Қилинган 15 миллион харажатимизни шу йилнинг ўзида қоплашни мақсад қилиб турибмиз. Томорқамизнинг қолган қисмига картошка, саримсоқ пиёз, помидор, булғор қалампир, мош, ловия экилган. Йиллик даромадимиз 30-40 миллион атрофида. 

Ер эгаларининг муаммоларини ўрганиб, уларга тегишли тавсиялар бераётган ишчи гуруҳнинг ўрганишлари вилоят бўйлаб давом этади. 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/ishchi-guru-khorazm-viloyatidagi-tomor-a-egalarining-faoliya-08-06-2019?sphrase_id=4193885

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram