Ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Ер ва сув ресурсларидан оқилона ҳамда унумли фойдаланилсагина юқори ҳосилдорлик ва барака бўлади. Лекин сўнгги 30 йил давомида ирригация тармоқларига эътибор берилмагани ва ерга хўжасизларча муносабатда бўлиш оқибатида 450 минг гектар суғориладиган майдонлар яроқсиз ҳолга келиб қолди. 

Айни пайтда мамлакатимизда ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдон мавжуд. Ушбу ерларни ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда ушбу майдонларни қайта ўзлаштириш бўйича самарали тизимни жорий қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

Халқаро тажриба асосида фойдаланишдан чиққан ерларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўзлаштириш тартибини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бунда инвесторлар ўзлаштирилган ерларда экинларни мустақил жойлаштириш, ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш ва зарур инфратузилма объектларини қуриш ҳуқуқига эга бўлишлари лозимлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Жаҳон банкининг фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни битта туманда намуна сифатида давлат-хусусий шериклик асосида ўзлаштиришга қаратилган таклифини маъқуллаб, тегишли вазирликлар раҳбарларига мазкур лойиҳани амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берди. 

1bf4f20b_8a40_342a_ad32_52f710941ab2.jpg

Ирригация тармоқларини ҳам давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш механизмини жорий қилиш бўйича таклифлар билдирилди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Давергеодезкадастр” қўмитасига 2019-2021 йилларда ўзлаштириладиган 281 минг гектар майдонни ташаббускорларга давлат-хусусий шериклик асосида бериш тартибини пухта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Бу ерларда экспортбоп мева-сабзавотлар етиштириш, шу билан бирга, сувсизликка чидамли экинларнинг янги навларини яратиш муҳимлиги таъкидланди. 

Ўзлаштирилган ерларнинг унумдорлигини ошириш ҳамда мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш технологияларини жорий қилиш, шу мақсадларга сарфланадиган харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартибини қўллаш бўйича таклифлар илгари сурилди. 

Йиғилишда фойдаланишга қайтарилган ерларни сув билан узлуксиз таъминлаш, бунинг учун фақат сувни тежовчи технологияларни қўллаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Ер ости суви захирасини ўрганиш масаласи муҳокама қилинар экан, Геология ва минерал ресурслар, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Сув хўжалиги вазирлигига лалми ва яйловларни суғориш учун яроқли бўлган ер ости суви захирасини аниқлаш ҳамда ундан самарали фойдаланиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди. 

Масъул вазирлик ва идораларга ердан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаш ҳамда бу борадаги назорат тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди. 

Ер кадастри маълумотларининг аниқлигини таъминлаш ва самарали бошқариш мақсадида ягона автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.   

http://www.uza.uz/oz/politics/zlashtirish-imkoni-b-lgan-1-million-gektardan-orti-maydon-ma-04-06-2019

ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram