Қорақалпоғистон Республикасидаги томорқа эгаларининг фаолияти ўрганиб чиқилди
Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Қорқалпоғистон Республикасида иш бошлади.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси экологияси ва иқлим шароитининг ва ерларнинг шўр бўлишига қарамай ўз томорқа ерларидан унумли фойдаланиб келишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қорақлпоғистон Республикасида 31244 гектар аҳоли томорқалари мавжуд бўлиб, 11132 гектарига такрорий экин экиш, 53 минг гектар ғалладан бўшайдиган ерларнинг 20600 гектарига ҳам такрорий экинлар экиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Тўрткўл туманидаги аҳоли томорқаларини ўрганишди.
Ишчи гуруҳ ушбу туманда фаолият юритиб келаётган “Томорқа хизмати” МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ушбу ташкилот аҳолига, айниқса кам таъминланган оилалар, қаровсиз ётган ерларни шудгорлаб бериш, иссиқхона барпо қилиш, минерал ўғитлар билан таъминлаш, уруғ ва кўчатлар етказиб беришда яқиндан кўмакчи бўлмоқда. Унинг тасарруфида 1 гектар ерга иссиқхона барпо қилинган бўлиб, у ерда бодринг, помидор, булғор қалампир етиштириляпти.
Шу кунгача ушбу МЧЖ томонидан кам таъминланган оилаларга 20 та иссиқхона қуриб берилди. Маҳсулотларни сақлайдиган 1000 тонналик холодильник мавжуд бўлиб, маҳсулотларни йил давомида Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.
Дониёр ака Юсупов ҳам ушбу маҳаллада истиқомат қилади. 4 сотих иссиқхонаси лимончиликка ихтисослаштирилган. Иссиқхонасида 60 туп лимон бу йил ҳосилга кириб бозорга сотиш арафасида.
Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида ушбу ҳудудда жойлашган “Уллибоғ” овул фуқаролар йиғинининг ўзида 39 та аҳоли вакиллари ўз томорқасидан самарасиз фойдаланишаётганлиги гувоҳи бўлишди. Ушбу овул фуқаролар йиғинидаги “Тўрткўлли Қурбонбой” фермер хўжалигига қарашли 80 сотих ер майдони ҳам қаровсиз ҳолда бўлиб бир неча ойдан бери ерга ишлов берилмаганлигининг гувоҳи бўлишди.
Ишчи гуруҳ тегишли мутасадди ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, шу ернинг ўзида ушбу ерлар техникалар ёрдамида шудгорлаб берилди. Ушбу ҳудудга бириктирилган 8 та оилага ер майдони ажратиб берилиб, у ерга турли сабзавот ва дуккакли экинлар экиш учун уруғ ва кўчатлар етказиб беришда кўмаклашилди.
Ушбу овулга қўшни яна бир хонадон соҳиби Норгул опа Абдуллаева хонадонида ҳам бўлишди. 70 ёшни қаршилаган онахоннинг ерга бўлган меҳри ўзгача. Яқиндагина Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими тасарруфидаги жамғарма ҳисобидан 120 млн сўм кредит ажратилиб, 10 сотих ерга иссиқхона барпо қилган. У ерда гул, лимон, апельсин, мандарин, киви ва банан кўчатлари экиш учун тайёргарлик кўрмоқда.
Ишчи гуруҳ Элликқалъа туманидаги фермер хўжаликлари ўз ишчи ходимлари, шунингдек, кам таъминланган ва томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига бириктирилгани, хонадонларда тўқсонбосди ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга экинлар экиш ишлари қандай олиб борилаётгани билан ҳам танишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, элликқалъалиликлар томорқанинг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланиб келаётган аҳоли вакилларидан саналади.
Ичши гуруҳ “Гулдирсин” ОФЙ ҳудудидаги “Дошқалъа” илғори фермер хўжалиги дала майдонини кўздан кечирди. Бу йил 30 гектар ерга ғалла эккандик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Р.Рўзметов. 65 центрдан ҳосил олдик. Ундан бўшаган ер майдони зудлик билан шудгор қилиниб, такрорий экин экишга ҳозирланмоқда. Маълум қисмига мош экишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган 15 нафар кам таъминланган оилаларга 30 сотихдан ер ажратиб бердик. Ҳаттоки, ерни шудгорлаб бериб, савзабот маҳсулотлари экишга кўмаклашяпмиз.
Ушбу овул фуқаролар йиғинидаги аҳоли томорқалари ҳам кўздан кечирилди. Мазкур ҳудуд аҳолиси ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб келишмоқда.
Асосий оилавий даромади томорқадан бўлган Замира Собированинг ҳам томорқаси кўздан кечирганда 15 сотих ер майдонига картошка, сабзи, помидор, бодринг, саримсоқ пиёз каби сабзавот маҳсулотлари экилгани гувоҳи бўлишди.
Оилавий даромадимиз бир йилда 15-20 млн сўм атрофида. Бундан ташқари узум етиштириш билан ҳам шуғулланиб келамиз. Ўтган йили 2 тоннагача ҳосил олдик.
Ушбу хонадонга қўшни бўлган Юлдош ака Жуманиёзов томорқаси ҳам 15 сотих ер майдони мавжуд. Биринчи экинга помидор, сабзи, картошка, карам экилган бўлиб, ҳосилни йиғиб олгандан сўнг тўқсонбости экинлар экишни режалаштирган. Бир йилда 2-3 мартадан ҳосил олишади. Фарзандларнинг тўйларини қилишяпти, оилавий даромадини йилдан йилга ошириб бормоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари “Пахтачи” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган Искандар Матякупов хонадонига ҳам ташриф буюришди. 77 ёшни қаршилаган Искандар ота ҳали ҳам бақувват. Эътиборли жиҳати отахон қум, қамишзор, саксовул ўсиб турган, шўр ерни қайта-қайта шудгорлаб, агротехник ишлов бериб бу ерни обод қилишган.
Ҳудуд иқлимини яхши тушунган ва тажриба орттирган Искандар ота қум ерни уч метргача қазиб, 3 сотих ерга иссиқхона барпо қилган. У ерда лимон, апельсин, мандариннинг 25-30 туп дарахти мавжуд.
– Бир йилда 2,5 тоннагача ҳосил оламиз, – дейди Искандар ота. – Фарзандларим билан биргаликда иссиқхонада меҳнат қилиб келамиз. Оилавий даромадимиз ошиб борганига қизиқиш билдириб, 5 нафар фарзандим ҳам ўз шахсий иссиқхоналарини қуришди. Бу йилнинг ўзида олинган даромадлардан иккита шахсий автомобиль сотиб олдик. Аҳоли овқатланиш чайхонасини ҳам очдик. Даромадимиз ошганли сабабли тадбиркорлик фаолиятимиз кенгайиб бормоқда. 20 нафарга яқин шогирдларим бор, улар ҳам менинг тажрибамни ўрганиб, лимончилик билан шуғулланиб келишаяпти. Биздан кўчатлар олишади.
Бундан ташқари шахсий томорқамизда ҳам помидор, бодринг маҳсулотларини экканмиз. Бу йил ҳам ушбу қум ерларга ишлов бериб 5 сотих ерга иссиқхона қурдик. Унда бодринг экиб, ҳар бир килограмини 7-8 минг сўмдан сотдик. Энг қувонарлиси, ўтган йили эришган ютуқларим, меҳнатларимни қадрлаб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим.
Ишчи гуруҳ фаоллари Нукус тумани аҳоли томорқаларини ҳам ўрганишди.
Ушбу туман аҳоли вакиллари асосан, помидор, бодринг, тарвуз, қовун каби маҳсулотларни етиштириб, Нукус шаҳри ва бошқа туманларга ҳам етказиб турилади. Туманнинг “Арбачи” ОФЙ да 517 хонадонда 3251 та аҳоли истиқомат қилади. У ерда асосан шахсий томорқадан ташқари дала томорқаси ҳам мавжуд бўлиб, умумий ер майдони 97 гектарни ташкил қилади. У ерлик аҳолисининг асосий даромади деҳқончиликдан.
Арзигул опа Байтиеванинг 30 сотих шахсий томорқаси ва 80 сотих дала томорқаси мавжуд. Асосан помидор, қовун, тарвуз экинларни экиш билан шуғулланади.
– Маҳсулотларимизни Самарақанд, Бухоро, Хоразм каби қўшни вилоятлар шу жойнинг ўзидан сотиб олишмоқда, – дейди Арзигул опа. – Ҳаттоки, қўшни Қозоғистон давлатига ҳам экспорт қилиб турамиз. Ўтган йили 50 млн сўм даромад кўрган бўлсак, бу йил 70 млн сўм даромад қилишни мақсад қилганмиз. Ён атрофимиздаги ташландиқ шўр, саксовул ўсиб ётган ерга ҳам ишлов бериб, маҳсулот етиштиришни ҳаракат қиляпмиз. Инсон қанча меҳнат қилса, ерга меҳр берса ер ҳам уни боқади. Қилган меҳнатларим бесамар кетмади. Ўтган йили “Энг намунали томорқачи” кўкрак-нишони билан тақдирландим. Бу мукофот мени янада кўпроқ меҳнат қилишга, тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга, тармоқларимни кенгайтириб боришга туртки бўла олди.
Республика ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари жойларда давом этмоқда.
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати
http://kruz.uz/uz/news/show/8881