Органик маҳсулотларга сертификат берилади
“Expo-Russia Uzbekistan” кўргазмасида “Яшил Россия” Бутунроссия экологик ҳаракати раиси К.Курченков ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Ф.Кушанов ўртасида ”Соғлом маҳсулот-миллат саломатлиги” халқаро лойиҳасини амалга ошириш бўйича узоқ муддатли келишув имзоланди.
Бунда қишлоқ хўжалигида салбий экологик таъсирларни камайтириш, зарар кўрган экотизимни тиклаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, аҳолини юқори сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш каби масалалар ҳам эътиборда бўлади.
Ўзбекистонда яратилган кўплаб янги навлар Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида ҳам районлаштирилмоқда.
Ўтган йили экспорт ҳажми 14 миллиард 258 миллион долларни ташкил этиб, 13,6 фоизга ўсган. Айни вақтда Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилган етмишга яқин туман бор. Уларда экинларни оптимал жойлаштириш, етиштирилган мева-сабзавотларнинг камида 25 фоизини экспортга йўналтириш, мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий корхоналар барпо этишга эътибор қаратилмоқда.
Халқимизнинг кўп йиллик деҳқончилик ва боғдорчилик анъаналари биологик тоза маҳаллий ўғитлардан фойдаланишга асосланган.
Атроф-муҳитга зарар келтирадиган минерал ўғитлар, пестицидлар ва шу каби воситаларни қўлламасдан, биологик хилма-хилликни асрайдиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ҳамда экологик соф мева-сабзавотлар етиштиришнинг ягона тизими органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга асос бўлади.
http://uza.uz/oz/society/organik-ma-sulotlarga-sertifikat-beriladi-29-04-2019