Ўзбекистонда кучли ёғингарчиликнинг қишлоқ хўжалигига таъсири қандай бўлади?
Халқаро Пресс клуб сессиясида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев мавжуд сув ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳақида қисқача тўхталиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.
– Бу йил республикамиздаги мавжуд сув омборларида етарлича сув йиғилди, деди Шуҳрат Тешаев. – Ҳозирги кунда ҳам сув омборларига сув йиғиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўтган йили қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик миқдорининг кўп йилликка нисбатан 25-30 фоизга кам бўлганлиги оқибатида дарёларда сув сатҳи кескин камайиб, меъёрга нисбатан 65-70 фоизни ташкил этган.
Айниқса, Туямўйин, Талимаржон, Каттақўрғон, Жанубий Сурхон, Пачкамар, Ҳисорак ва Чимқўрғон каби йирик сув омборларида тўпланган сув миқдори айни ғаллани суғориш даврида ўртача кўп йилликка нисбатан 50 фоизга кам бўлди.
Натижада, Ғузор, Чироқчи, Қамаши, Ғаллаорол, Қизириқ ва Музработ туманларидаги бир қатор фермер хўжаликларида ғалланинг тўплаш ва найчалаш даврида суғориш ишларида узилишларга йўл қўйилиб, ғалла 1,5-2 маротаба суғорилмай қолди. Бу эса кўзланган ҳосилни олишга имкон бермади.
Шунингдек, баҳор ойларида ёғингарчиликнинг меъёрга нисбатан 30-40 фоизгача кам бўлганлиги сабабли лалми майдонларга экилган жами 197 минг гектар ғалла майдонидан ҳосил олишнинг имкони бўлмади. Айниқса, лалми майдонлардан олинадиган ҳосил 2017 йилга нисбатан Жиззах вилоятида 34 минг, Қашқадарёда 32 минг ва Самарқандда 24 минг тоннага кам бўлди.
“Ўзгидромет” марказининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ва апрель ойида республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчилик миқдорини ўтган йилларга нисбатан 1,5-2 баробар, айрим ҳудудларда 3 баробаргача кўп бўлганлиги сабабли бугун тупроқдаги намлик кескин ошиб кетди.
Об-ҳаво ноқулай ва серёғин келган йилларда пахта етиштириш анча қийинлашган ва кутилмаган жиддий муаммолар юзага келган. Хусусан, намлик меъёридан юқори бўлган майдонларда қатқалоқ юзага келиши, ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинувчи ва зараркунандаларнинг зарарли таъсири юқори бўлиши кузатилган.
Бундай пайтларда деҳқонлар ва фермерларимиз ғўза парваришида ҳар йилгидан ҳам кўпроқ масъулият билан илмий асосланган тавсиялар ва кўп йиллик тажрибаларга таянган ҳолда иш кўришлари керак бўлади.
Намликни камайтириш, ҳаво ва иссиқлик айланишини яхшилаш мақсадида тупроқни майин, донадор ҳолатга келтириш учун кўчат 65-70 фоиз униб чиққан майдонларда қатор орасига ишлов бериш ишларини бошлаш тавсия қилинади.
Ғўза қатор ораларига биринчи ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлари сонининг тўлиқ бўлишига, тўғри ва сифатли юмшатадиган қилиб ростланишига алоҳида аҳамият бериш керак. Шунингдек, культивация билан бир йўла чопиқ ишларини амалга ошириш керак.
Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган вақтда ғўзага оптимал муддатда ва сифатли ишлов берилмаса, ғўза ниҳоллари ривождан орқада қолиб кетаверади.
Бундан олдин, Ўзбекистон сув омборларига апрель ёмғирлари қандай таъсир қилгани маълум бўлганди.