Чорвачилик ривожига нималар тўсқинлик қилмоқда?

«Нега бозорларда гўшт ва сут маҳсулотларининг нархи тобора юқорилаб бормоқда?»  деган масала кўпчиликни қизиқтириши табиий. Mahalla нашрида бу ҳолатнинг чорвачилик соҳасидаги қатор муаммолар натижаси ўлароқ юзага келаётганини кўрсатувчи мақола эълон қилинди.

Маълум қилинишича, айни пайтда республикада 12,7 миллион бош йирик, 21,3 миллион бош майда шохли мол мавжуд. Қорамолларнинг 6,4 фоизи, қўй- эчкиларнинг 15,9 фоизи фермер хўжаликларида боқилади, қолган қисми эса аҳолининг шахсий мулки ҳисобланади.

«Шу кўрсаткичнинг ўзи аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш имкониятининг етарли эмаслигини кўрсатади. Шунингдек, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонларининг қорамол бош сонига мутаносиб эмаслиги ҳам асосий муаммолардан. Яъни фермер чорвачилик ёки бўрдоқичиликни кенгайтиришни истаса ҳам бунинг учун етарли ер майдони мавжуд эмас» , —  дея ёзади муаллиф Санжар Исматов.

Келтирилган маълумотларга кўра, республикада етиштириладиган озуқа чорвачилик тармоғи учун зарур бўладиган талабнинг атиги 35 фоизинигина қоплайди. Чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш, унинг озуқа базасини кўпайтиришни рағбатлантирувчи тизим ҳам мавжуд эмас. Озуқа экинларини етиштиришда эса томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси қўлланилмаётгани туфайли харажатлари меъёридан ошиб кетмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Юсуповга кўра, аксарият хўжаликларда хориждан келтирилган молларни рацион асосида тўғри озиқлантиришга эътибор берилмайди, касалликларни даволаш, сунъий уруғлантириш бўйича малакали мутахассислар етишмайди. 

«Хўжаликларда маҳсулдорлиги паст чорва моллари парваришланаётгани ҳам соҳа ривожига тўсқинлик қилади. «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент қарорининг амалиётга татбиқ қилиниши юқоридаги муаммолар учун ечим бўлиши кутилмоқда», —  дейди мутахассис.

Яъни қарорга мувофиқ, туман ҳокимликлари захирасидаги 38 минг гектардан зиёд лалми ва яйлов ерлар чорвачилик фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига озуқабоп экинларни етиштириш учун берилади. 

Бунда корхоналарга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш мажбурияти юклатилади. Шунингдек, чорвачилик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир бош чорва мол учун ярим гектардан лалми ва яйлов ерлар доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилади.

Мақола муаллифининг ёзишича, соҳадаги катта муаммолардан яна бири наслчилик билан боғлиқ. Четдан келтирилган наслли қорамол билан маҳаллий қорамолнинг ўртасида катта фарқ бор. Бири иккинчисидан 4-5 карра кўп сут беради, оғирроқ тош босади. Аммо ҳар иккисининг парвариши учун бир хил ҳажмда меҳнат ва харажат сарфланмоқда.

«Наслчилик фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона тизимнинг йўқлиги боис мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаяпти. Жумладан, 6 минг 400дан ортиқ чорвачилик хўжалигининг атиги 15 фоизида сунъий уруғлантириш пункти мавжуд. Соҳада беш мингдан зиёд мутахассисга эҳтиёж бор», —  дея қайд этади муаллиф.

«Ўзнаслчилик»  корхонаси бош зоотехниги Неъматжон Қобиловнинг баён этишича, тажриба тариқасида Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида барча тоифа хўжаликларда наслчилик, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари кўрсатиш ташкил этилади.

Замонавий наслчилик ва сунъий уруғлантиришни илмий асосда йўлга қўйиш, чет элнинг бу борадаги ютуқларидан фойдаланиш ва бу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ҳам нарх, ҳам сифат мувозанатни сақлаш кутилмоқда.

https://kun.uz/news/2019/04/16/chorvachilik-rivojiga-nimalar-tosqinlik-qilmoqda

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram