Интенсив боғ – серҳосиллик омили
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида боғдорчилик муҳим тармоқлардан бири. Кейинги йилларда соҳага кириб келаётган инновация, жумладан, интенсив боғлар ташкил этилаётгани экспортбоп мева маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кенгайтирмоқда.
Хоразм вилоятида жорий йилда 2 минг гектар интенсив боғ ташкил қилиш кўзда тутилган. Янги интенсив боғлар барпо этиш, турли мева кўчатларини экиш баҳор ва куз фаслларига режалаштирилган.
Шу мавсумнинг ўзида Янгиариқ, Янгибозор, Хонқа, Шовот, Ҳазорасп туманларида Франция ва туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда пакана, ярим пакана мева кўчатлари келтириб экилди. Янгибозор туманида 66 гектар майдонда интенсив боғ мавжуд. Жорий йилнинг шу даврига қадар туркиялик ҳамкорлар билан 10 гектар майдонга кўчат ўтқазилди.
– Олма, нок, олхўри каби экспортбоп мевалар ниҳолини экдик, –дейди “Йўлдош ота” фермер хўжалиги раҳбари Руслан Тожиев. – Улар ҳосилга киргач, туркиялик ҳамкорлар билан кўп тармоқли фермер хўжалигимиз қошида мевани қайта ишлаш заводи барпо этиш режамиз ҳам бор. Айни пайтда суғориш тизимини янада тежамкор қилиш мақсадида боғимизда замонавий технологиялар жорий этмоқдамиз.
Мева ниҳолларини импорт қилиш ҳисобидан бир дона кўчат нархи ўртача 6 долларга тўғри келди. Энди буни арзонлаштириш мақсадида Туркия технологияси асосида ҳамкорлар билан кўчатчилик қўшма корхонаси ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланди.
– Мева кўчатлари етиштириш билан шуғулланамиз, – дейди туркиялик мутахассис Араз Бурхон. – Вилоятга биринчи бор келиб боғдорчилик ҳолатини ўрганганимизда мева эски усулларда етиштирилаётганига гувоҳ бўлдик. Интенсив боғдорчилик бўйича лойиҳаларимизни таклиф қилдик. Ҳозир вилоят ҳокимлиги билан бу борада келишувларга эришдик. Бунинг афзаллиги шундаки, кенг майдонда кўп кўчат экиш орқали юқори ҳосил олиш мумкин. Кўчатларни ҳудуд иқлим шароитига мослаб ўтқаздик.
Мутахассислар қайд этишича, интенсив усулда экилган мева дарахти биринчи йилдан ҳосилга киради. Учинчи йилдан бошлаб ўртача 50-60 килодан мева олиш мумкин.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/intensiv-bo-ser-osillik-omili-16-04-2019