Чустлик фермердан Наврўз туҳфаси
Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар Инвестиция дастурига мувофиқ ривожлантирилаётганлиги боис йил сайин замонавий қиёфага кириб бормоқда. Бинолар реконструкция қилиниши ва давр талаблари асосида яратилган лойиҳалар асосида барпо этилаётган объектлар туфайли аҳолига яратилаётган шароитлар ҳам тобора яхшиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, қурилиш-таъмирлаш ишлари кўламининг ортишига саховатпеша ишбилармонлар ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Марказий шифохона ҳовлисида бунёд этилган беминнат хизмат шохобчаси ана шу эзгу саъй-ҳаракатлардан биридир. Гап тиббиёт масканида даволанаётган беморларнинг яқинлари учун қад ростлаган кўркам кутиш даргоҳи ҳақида бормоқда. Уни “Олмос якка тол” фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Султонмуродов ўз ҳисобидан қурдириб, элимизнинг суюкли айёми – Наврўз арафасида ҳамюртларига туҳфа этди.
Янги даргоҳ ўзига хос лойиҳа асосида қурилган ва шифохона биноларига уйғун равишда атрофга кўрк бағишлаб турибди. Ўз яқинлари саломатлигидан бохабар бўлиб турган кишилар вақтларини янги масканда ўтказишмоқда. Улар ихтиёрига юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган шинам кутиш зали, тамаддихона, телевизор, адабиётлар, газета ва журналларнинг янги сонлари бериб қўйилган. Ойнаванд деворларнинг тўрт тарафига ўрнатилган тасвирий тарғибот воситалари эса аҳоли маънавиятини юксалтиришда қўл келиши табиий.
— Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун бунда-да кўп ишлар қилишимиз лозим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун олинаётган даромадни муттасил ошириш, янги инновацион лойиҳаларни астойдил жорий қилиш устида иш олиб боряпмиз, – дейди Иброҳим Султонмуродов.
Санжарбек Ҳамидов, ЎзА