Ерларни ўзбошимча ўзлаштирганларга жарима белгиланади

Ерларни ўзбошимча ўзлаштирганларга жарима белгиланади

Ўзбекистоннинг иқлими ва ер шароити шоликорлик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун жуда катта табиий имкониятга эга.

Хусусан, экин майдонларини кенгайтириш учун Мирзачўл, Жиззах, Қарши, Сурхон – Шеробод, Бухоро ва Марказий Фарғона ерларида шароитлар мавжуд. 

Яна бир гап, мамлакатимиз ҳудудий жиҳатдан Швейцария, Австрия, Бельгия, Дания ва Буюк Британия давлатларидан каттадир. 

Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, юртимизда дунёдаги барча мева-сабзавот ва ўсимликларни ўстириш ҳамда етиштириш имконияти бор. Лекин, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этишда фуқароларнинг ҳуқуқий қарашлари ва маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Бунинг асосий сабаби, ўтмишдаги маъмурий буйруқбозлик бошқаруви, пахта якка ҳокимлик тизими, деҳқонларга эркинлик ва ер бермаслик, ерни ҳуқуқий тартибга солувчи қонунлар аҳоли манфаатини ҳимоя қилмаслиги ҳамда қишлоқ хўжалигида мулкчилик шакллари, рақобат муҳити йўқлиги ва бошқалар. 

2019 йил 4 мартда “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишда яна бир қадам бўлди. 

– Қонун билан ердан фойдаланувчи ва унга эгалик қилувчи шахсларга қуйидаги мансаб масъулияти ва шахсий жавобгарлик чораларини қўллаш нормалари назарда тутилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ҳуқуқий масалалар ва фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи Соҳибжон Ҳатамов. – Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик” тўғрисидаги ўта муҳим ва долзарб 1971-модда киритилди. 

Шундай ҳолат юз берса, аввал маъмурий жазо, ундан кейин ҳам содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланди. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Агарда бундай ўзбошимчалик такроран ва бир гуруҳ шахслар ўзаро тил бириктириб содир этган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима қўлланилади. 

Шунингдек, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳам мумкин. Албатта, бунда енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам мавжуд. 

Мисол учун, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади. 

Янги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2294-модда билан тўлдирилди. Унда ер бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — 

энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима қўлланилади. Шунингдек, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Агарда бу ҳаракат такроран содир этилиб, суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса, айбдорларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима қўлланилади. Ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди. 

Қонун асосида Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. 

Шу асосда жарима миқдори оширилди. Унда фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди. 

Сайёра Шоева, ЎзА​

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram