Самарқандда сакура гуллади
Самарқанд шаҳрининг Афросиёб кўчасида бундан ўн икки йил аввал экилган 150 дан ортиқ япон гўзали – сакура қийғос гуллади. Шу вақтгача мавжуд бўлган турли номдаги сайллар қаторига эндиликда сакура гули сайли ҳам қўшилса не ажаб!
Япон олчаси дарахти юртимизга қандай келиб қолди? 2005-2006 йилларда қадимий кентнинг Геофизика мавзесидан Улуғбек расадхонасига олиб борадиган янги йўл қурилган эди. Узунлиги 1200 метр бўлган йўл тайёр бўлганидан бир йил ўтгач, унинг икки четида нинали баргли дарахтлар ва каштан билан бирга сакура ҳам экилди. Япон гўзали номи билан оламга машҳур бўлган бу дарахт эндиликда чиройли гуллари ва ҳатто ўзига хос барглари билан ҳам самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларнинг кўзини қувонтирмоқда.
Аслида сакура Кунчиқар мамлакатининг миллий рамзи ҳисобланади ва японлар томонидан эъзозланади. Ўтмишда бу дарахтни улар муқаддас деб билганлар. Унинг 150 тага яқин навлари мавжуд. Сакуранинг гуллаши билан Японияга баҳор кириб келади.
Сакура гуллаган пайтда мамлакатда туристлар сони кескин кўпайиб кетади. Ўн минглаб сайёҳлар унинг оқ-пушти рангли гулларини кўриб, ундан баҳра олиш учун Японияга келади. Камина АҚШ пойтахти Вашингтонда сакура гулларидан ҳайратга тушган эдим. Бу ерда алоҳида байрам – сакура фестивали ўтказилади. Япон олчаси қийғос очиладиган пайт – апрель ойининг бошларида 1935 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган байрамга бутун дунёдан туристлар йиғилади. Америкага сакура қандай қилиб келиб қолган? Маълум бўлишича, 1912 йилда Токио мэри дўстлик рамзи сифатида Вашингтонга 3000 та ушбу дарахт кўчатини совға қилган экан.
Бизда Гул сайли, Қовун сайли, Сумалак сайли каби байрамлар нишонланиб келинмоқда. Балки гўзаллик шайдолари учун Сакура гули сайли жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар? Бу туристларни жалб қилишнинг яна бир имконияти бўлиши мумкин. Шуни инобатга олиш керакки, сакуранинг гуллаш вақти қисқа бўлиб, бир ҳафта-ўн кун давом этади.
Самарқандга сакура гуллари сайлига марҳамат!
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, ЎзА