Ҳеч нарсани ёлчитмаётган фермерларга нега ҳар йили имкон беравериш керак?
Шу кунларда боғлар-у, далаларда баҳорги юмушлар қизғин бормоқда. Албатта, йил давомида мўл ҳосил олиш, ҳосилдорликни ошириш бугунги ҳаракатга боғлиқ. Айниқса, фермер хўжалиги раҳбарларининг кайфияти жуда кўтаринки, нега дейсизми?
Эсингизда бўлса, 2018 йилнинг 27 ноябрида “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди. Унда суғориладиган ерларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиб, ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди.
Бу бежиз эмас, албатта. Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ғалладан гектарига 75-80 центнердан ҳосил олинади. Юртимиз олимлари эса 120 центнердан ошириб ҳосил олиш мумкин эканини таъкидлашмоқда. Шундай экан, нега ҳеч нарсани ёлчитмаётган фермерларга ҳар йили имкон беравериш керак?
– Бунга бир нарса дейиш қийин, лекин ишлайдиганлар учун яхши бўлди, – дейди Иштихон туманидаги “Асалчи Элдор” фермер хўжалиги раҳбари Яхшибой Ҳасанов.– Мисол учун, ўтган йили қарийб 25 гектарда ғалла экиб, гектаридан 80 центнер ҳосил олдим. Ҳар гектардан 10 центнер ҳосил ўзимизда қолди, қолгани давлатга сотилди. Лекин, у вақтда режадан ортиқ ҳосил учун қўшимча ҳақ тўланмас эди. Энди жуда яхши бўлди. 40 центнердан ошган ҳар бир килограмм учун бериладиган фоизлар миқдори белгилаб қўйилган. Марҳамат, меҳнат қил, мўл ҳосил етиштир, шунга яраша даромад қиласан!
Мулкдорнинг айтганича, бор. Охирги йилларда давлат шартномасида белгиланган ғалла тайёрлаш режасини бажарган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалик корхонаси зиммасига режадан ортиқча яна 10 ёки 15 фоиз дон топшириш мажбурияти юкланиб келинаётганди. Бу ҳолат аслида вазиятдан чиқиш учун жорий этилган тартибдир. Чунки ҳамма фермер хўжаликлари ҳам заминдан кўзланган ҳосилни етиштира олмаётган эди.
Энди эса, ғаллакорларнинг ишлайдиган даври келди. Мўл ва сифатли ҳосил етиштирган деҳқон қўшимча даромадга эга бўлади. Давлат хариди учун етиштирилган ғаллани табақалаштирилган нархларда сотиб олиш тартиби жорий қилинмоқда. Бошқача айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб давлат хариди учун етказиб берилган ғаллага 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади. Мисол учун, харид нархига бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектар майдондан 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз (120 минг сўм), 51 центнердан 60 центнергача бўлганида – 20 фоиз (240 минг сўм), 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм) устама берилади. Бунда етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи бир миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баравар юқори даражада белгиланди.
Агар, ҳосил кам бўлса-чи? Унда нима бўлади? Қарорда 2019 йилдан эътиборан республика давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларининг ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби жорий этилиши кўрсатилган. Яъни, гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда икки баравар, ҳосилдорлик ўттиз бир центнердан қирқ центнергача бўлганида эса 1,5 баравар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади.
Мазкур тартиб ғалла етиштирувчиларни олтинга тенг бўлган суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Суҳбатдошимиздан ён-берида меҳнат қилаётган фермерларнинг ҳосилдорлиги ва ютуқлари ҳақида сўраганимизда, улар ҳар гектар ғалладан 40 центнердан кам ҳосил олганини, бир оз қийин аҳволда экани ҳақида куйиниб сўзлаб берди. Қизиқ, ер ва сув бир хил бўлса, нега сиз 80 центнергача ҳосил оласиз-у, уларда ҳосилдорлик паст, бунинг сири нимада? деган саволни бердик. Шуҳрат медали соҳиби бир оз ўйга толиб, жавоб берди.
– Биз пахта ҳосилини йиғиб олгач, ерни карчовка қилиб, тупроққа ишлов берамиз,–деди мулкдор.–Шу жараёнда бегона ўтларни тозалаймиз, йўқса аксарият ерларни босиб кетади ва ғаллани озуқасига шерик бўлади. Бу жараёнда ғалла экишни бир оз кечроқ, ноябрь ойида якунлаймиз. Қўшнилар эса карчовка қилмай экади. Чунки, уларни ҳокимият мажбур қилади. Аслида қарийб 30 йиллик тажрибамдан биламан кечки ғалла яъни ноябрнинг бошида экилса ҳосил яхши бўлади. У касалга чалинмайди. Ҳар йили нафақат ғалла, балки пахтани ҳам 110 фоизга бажарамиз. Қўшнилар эса 60 фоиз эплайди.
Мўл ҳосил олиш сирини билсангиз, уни тажрибада синовдан ҳам ўтказган экансиз, нега ҳокимият вакилларига бу ҳақида айтмайсиз, ёки фермерлар учун маҳорат дарслари ўтказсангиз бўлмайдими деганимизда эса, кулиб, жавоб берди: “Буни ҳокимият вакиллари ҳам билади, лекин доим халақит беришади. Ўзим ҳам ғаллани кеч кузда экиш учун улардан қочиб, юрагимни ҳовучлаб юраман.”
Қарорнинг деҳқонни қувонтирадиган жиҳатларига тўхталиб ўтишни лозим кўрдик. Унда олдиндан билиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида кутилган ҳосил олинмаганда ҳудудий комиссия вазиятга ойдинлик киритганда давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилинади. Ҳолбуки, шу пайтга қадар маҳсулот етиштирувчилар турли табиий офатлардан зарар кўрганда етарлича ҳимояланмасди.
Қайд этиш жоизки, ер майдони – чекланган, кенгаймайдиган, кўпаймайдиган ресурс. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш эса, чекланган ресурслардан оқилона фойдаланишни тақозо қилмоқда. Демак, мамлакатнинг ҳудуди, ер майдони унда яшайдиган халқнинг ризқ-рўзи манбаи. Ердан самарасиз фойдаланиш орқали, халқнинг ризқ-рўзига чанг солинмайдими?