Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги янги лойиҳаларга старт бермоқда
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги ҳудуддаги илғор субъектлардан бири.
Хўжаликка 2016 йилда тижорат банкидан 350 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, Италиядан 100 бош наслли қуён, Тошкент шаҳридан қуёнлар учун махсус мослаштирилган уя ва емишдан гранула тайёрлайдиган технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Ўшанда 6 иш ўрни яратган бўлса, ҳозирда ишчилар сони 15 нафарга етди.
Фермер хўжалигида боқилаётган қилинаётган қуёнлар сони эса 10 минг бошдан ошди. Хўжаликка қарашли 48 гектар майдонида маккажўхори, арпа ва беда парваришланмоқда. Бу дон ва хашакларга оқсилга бой витаминлар қўшилиб, улардан гранула еми тайёрланяпти. Ўтган 2018 йил фермер хўжалиги томонидан 4 тонна қуён гўшти етиштирилиб, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё вилоятларига етказиб берилди.
– Хўжалигимиз томонидан янги лойиҳани амалга ошириш мақсадида яна тижорат банкидан 470 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, 10 минг бош қуёнга мўлжалланган қуёнхона барпо этдик, – дейди “Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги раиси Равшанбек Бозорбоев. – Россия Федерациясидаги “ Алянск инжиниринг” компанияси билан шартнома тузиб, махсус қуён кушхонаси ва гўштни қадоқлаш ускуналарини олиб келяпмиз. Барча ишларни якунлаб, янги қуёнхона, кушхона ва гўшт қадоқлаш цехларини Наврўз байрамигача ишга тушириш ниятидамиз.
Ушбу лойиҳа амалга оширилгач яна 40 та янги иш ўрни яратилади. Қадоқланган қуён гўштини Россия, Хитой ва Европа давлатларига экспорт қилишни режалаштирилган.
Бу ишлар лойиҳанинг биринчи босқичи. Кейинги босқичида, қуён терисини қайта ишлаш цехи, қуён гўштидан махсус таомлар тайёрланадиган ошхона қурилади