|25/03/2026, 15:01

Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг барча миришкор фермерларга, бобо деҳқонларга ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли корхоналарга мурожаати

Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг барча миришкор фермерларга, бобо деҳқонларга ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли корхоналарга мурожаати

Ўзбекистон фермерлар кенгаши Раёсати аъзолари томонидан миришкор фермерлар, бобо деҳқонлар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган корхоналарга қаратилган мурожаат қабул қилинди.

Мазкур мурожаатда мамлакатимизда аграр соҳани изчил ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилган. Шу билан бирга, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мурожаатда соҳада фаолият юритаётган соҳа вакилларини юксак масъулият, замонавий ёндашув ва илғор тажрибалар асосида иш олиб боришга, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга даъват этилган.

Айни вақтда мазкур мурожаат фермер ва деҳқонларга ўқиб эшиттирилмоқда ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур мурожаат аграр соҳадаги барча иштирокчилар учун муҳим дастурий аҳамиятга эга бўлиб, уларни умумий мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссангизни қўшинг, айниқса картошка ва бошқа зарур маҳсулотларни экишни қисқа муддатда якунлаб, қўшимча даромадга эга бўлинг!

Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари!

Сиз азиз деҳқонларнинг яратувчанликка асосланган меҳнатингиз асрлар давомида халқимизнинг фаровон турмуши, тўкин дастурхонининг асосий сабаби сифатида юксак эътироф этилган ва қадрланган. 

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – нафақат қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, балки иқлим ўзгаришлари таъсирини юмшатиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишнинг устувор йўналишига айланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрами тадбирида миришкор деҳқон ва фермерларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, уларнинг халқимиз дастурхонини тўкин ва фаровон қилишдек шарафли меҳнатини эътироф этди, бу борада давлат ва жамият томонидан доимий қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини таъкидлади.

Зеро, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, дала четидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хусусан, картошка, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш, қишлоқ хўжалигини илмий асосда, интенсив ривожлантириш деҳқон ва фермерларимиз даромадини камида 2 бараварга кўтаришга хизмат қилади. 

Бугун фермерларимизнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги ишлари эътироф этилиши шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи Сиз азиз фермерларни ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этишга ундашига ишонамиз.

Ҳиммати баланд деҳқон ва фермерлар!

Мамлакатимиз аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, халқимиз дастурхонига етказиш, бозорларимизда нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш энг асосий вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш стратегик аҳамиятга эга бўлиши билан бир қаторда, деҳқон ва фермерларимиз учун яхши даромад топиш манбаи ҳисобланади. Айниқса, картошка етиштириш нафақат кундалик истеъмол маҳсулоти, балки аҳоли истеъмолида энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан бирдир. 

Шу боис, озиқ овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, импортга бўлган қарамликни камайтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканлигини унутмайлик. 

Келинг, юртимиз тараққиёти учун биргаликда ҳаракат қилайлик! “Долзарб бир ойлик”дадала четларидан оқилона ва самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, картошка ҳамда сабзавот ва полиз экинларини экишни якунланг.

Бундан ташқари, боғ ва қатор ораларидан унумли фойдаланиб, қўшимча равишда сабзавот экинларини экиб, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот турларини кўпайтиришга ҳамда шу орқали халқимизнинг дастурхонини тўкин, юртимизни фаровон қилишга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Миришкор ва фидоий фермерлар!

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш, жумладан, сабзавот, картошка, полиз, ва бошқа экинларидан юқори ҳосил олиш учун март-апрель ойларида, яъни “Долзарб бир ойлик”да биз фермерлар томонидан сабзавот уруғларини ўз вақтида ерга қадаб, агротехник тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳамда эрта экиб қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг:

биринчидан ҳар бир фермер хўжалиги томонидан “Долзарб бир ойлик” давомида экинларни жойлаштириш рўйхатига мувофиқ очиқ майдонларда картошка, сабзавот ва полиз экинларини экишни якунланг;

иккинчидан 10 кунлик муддатда дала четларига сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ёки маккажўхори уруғи ва кўчатларини экишни ташкил этинг; 

учинчидан - илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни кучайтиринг, сифатли ва сертификатланган уруғдан экинг;

тўртинчидан - тижорат банклари орқали картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга суғурта полиси асосида ажратиладиган кредитлар фойдаланиб, картошкани ўз вақтида экиб, қўшимча даромад олинг; 

бешинчидан- картошка, сабзавот ва бошқа экинлар етиштиришда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиб, қарорда белгиланган имтиёзлардан фойдаланинг;

олтинчидан - картошка, сабзавот ва бошқа экинларга касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали кураш чораларини кўринг, минерал ва органик ўғитлардан белгиланган меъёр асосида фойдаланиб, юқори ҳосил олишга ва қўшимча даромад олишга эришинг.

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар! 

Барчангизни мавжуд имкониятларни ишга солиб, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда сифатли экиш ва юқори даромад олишга чақирамиз. 

Қишлоқ хўжалиги экинларини экишни шундай кўтаринкилик билан ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин.

Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста, фаровонлик йўлида эл-юртга хизмат қилиш каби юксак инсоний фазилатларни намоён қилиб, деҳқонларнинг зафарларидан фахрланиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни шундай эзгу амалларни бажаришда фаол иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтириш, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда “Долзарб бир ойлик” мобайнида қишлоқ хўжалиги экинларини ўз муддатларида экишга ҳамда юқори ҳосил олишга даъват этамиз!

Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсат аъзолари

✍️ UzFK