|28/03/2025, 16:10

Қашқадарёлик фермерлар далаларни электр насослар ёрдамида суғормоқда

Қашқадарёлик фермерлар далаларни электр насослар ёрдамида суғормоқда

Миришкор туманда “Найзор” фермер хўжалиги 40 гектар майдонда ғалла етиштирмоқда. Яна ана шунча майдонда чигит экиш ишлари бошланди. 88 бош қорамолни парваришлаш учун 25 гектар майдонда чорва озуқаси етиштирилаётган хўжаликда кўп тармоқли бўлишга ҳаракат бошланган.

Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитов уларнинг бу интилишларини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, туманда бекор турган бинони ноль қийматда фермер хўжалигига берилиши ва уни таъмирлаб, 100 тонналик совуткичга айлантириш юзасидан келишиб олинди. 

Актам Хаитов тумандаги “Искандар сифат толаси” фермер хўжалигининг даласида йиғилган мулкдорлар билан экин майдонларини электр насоси ёрдамида суғораётган фермерлар учун фойдаланилган электр энергияси учун субсидиялар ажратиш, пахта ҳосили харид нархини ошириш, фермер хўжаликларини минерал ўғитлар билан билан таъминлаш, ишловчиларни иш ҳақларини ўз вақтида бериш  юзасидан ҳам гаплашиб олди.

Мулоқот чоғида Мубораклик фермерлари пахтанинг харид нархи пастлигидан, сув солиғининг баландлиги ва молия муассасалари томонидан субсидия ажратишдаги сусткашликлар, пахта ҳосили учун бериладиган маблағни ололмаганликлари ҳақида куюнчаклик билан гапиришди.

- Кредитга қуёш панели харид қилиб, ундан олинадиган энергия эвазига сув насосларини ишлатишни режа қилган эдик, аммо Агробанк туман бўлими бизнинг фермер хўжалигимизга кредит маблағи ажратмади, - дейди “Дониёр Жониқул полвон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ихтиёр Қўйлиев. – Бугунги кунда банк биз учун эмас, бизлар банк учун хизмат қилаяпмиз. Ҳаттоки, томчилатиб суғориш ускунаси харид қилиши учун ҳам молиявий кўмак ололмадик. 

Айни вақтда туманда 283 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги 9,5 минг гектар майдонда ғалла майсалари парваришланмоқда. 8650 гектар майдонга эса чигит экилади. 125 та фермер боғдорчилик билан шуғулланмоқда. 50 та кўп тармоқли фермер хўжалигида 168 нафар ишчи меҳнат қилади.       

 – Фақат пахта ва ғалла ҳосилидан келадиган даромадни кутиб яшайдиган вақт ўтди, - деди Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитов. – Дала четларидан самарали фойдаланиб ҳам яхшигина даромад топиш мумкин. Кўчатчилик, иссиқхона хўжалиги, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, такрорий экинлар, тўқсонбости экинлар экиб ҳам мўмайгина даромад қилаётган жонкуяр фермерларимиз бор. Далаларга қуёш панели ўрнатиб, насосларни ишлатиш, ортиқча электр энергиясини давлатга сотиб, қўшимча даромад топиш мумкин. Биз қуёш панелидан қай даражада фойдаланиш қоидалари мавзуида фермерлар иштирокида амалий семинар ташкил этишни режалаштираяпмиз. 

Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси Касби туманида ҳам бўлиб, бир гуруҳ фермерлар билан учрашди. 

Учрашув иштирокчилари пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда суғориш ишларига сарфланган электр энергияси учун тўланадиган субсидия маблағларини олишда амалий ёрдам сўради. Дарҳақиқат, электр нархи кун сайин ошиб бораётган бугунги кунларда сув насосларидан фойдаланиб, деҳқончилик қилиб, даромад топиш кун осон эмас. Ерни электр насослар ёрдамида суғориб, қарзга ботиб қолаётган фермерлар сони кўпайиб бормоқда. Кўпчилик тадбиркорлар иқтисодий таназзул сабаб бошқа соҳа этагини тутиб кетишаяпти. 

Қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қийматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинган.

Пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда суғориш ишларига сарфланган электр энергияси миқдори қишлоқ хўжалиги экинларини гидромодул районлаштириш ва суғориш режимидан келиб чиқиб аниқланади. Бунда, қиймати қоплаб бериладиган электр энергияси миқдори ҳақиқатда сарфланган электр энергияси миқдорининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. 

Қашқадарёлик фермерлар аллақачон далаларни электр насослар ёрдамида суғоришни бошлаб юборишди. Электр нархи апрель ойидан сезиларли даражада ошиши муносабати билан фермер хўжаликларига истеъмол килинган электр-энергиясини 50 фоизини қоплаб бериш бўйича рўйхатлари шакллантириш ва субсидиялар ажратиш бўйича туманлар кесимида маълумотлар киритиш борасида партия депутатлик гуруҳлари фаол депутатлик назорати олиб боришлари юзасидан топшириқлар берилди.  

https://uza.uz/posts/702983

✍️ UzFKUser