|04/06/2025, 21:48

Фермерлар манфаати ҳимоя қилинмоқда

Фермерлар манфаати ҳимоя қилинмоқда

Фермер хўжаликларининг қонуний манфаатлари ва молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон фермерлари кенгаши кундалик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда туман фермерлар кенгашининг ҳам хизмати беқиёс. Яъни фермернинг меҳнати, мулки ва ҳақи кафолатли ҳимоя қилиниши шарт.

Хўш, бугунги кунда фермерлар меҳнати қандай ҳимоя қилинмоқда? 

Улар учун яратилган имтиёзлар ва кафолатлар қай тартибда белгиланганлигини билиш мақсадида Ўзбекистон фермерлари кенгаши юридик хизматлар кўрсатиш ва фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи С.Ҳотамов билан суҳбатлашдик. 

Мутахассис Қашқадарё вилояти “Чироқчи кластер ғалла” МЧЖдан 6,8 миллиард сўм ҳақдорлик учун суд ишлари бошлангани мисолида мавзуни давом эттирди.  

– Ҳар бир фермер манфаати қонуний ҳимояда. Айниқса, мавсум даврида унинг меҳнати ҳуқуқий кафолатланиши шарт. Бу биздан зиммамизга юклатилган вазифага масъулият билан ёндашишни талаб этади. Шу кунларда ўз меҳнатига тегишли ҳақни ололмаётган фермер хўжаликлари манфаатини ҳимоя қилмоқдамиз. Яъни 2024 йил ғалла мавсуми учун Чироқчи туманидаги 208 та фермер хўжалиги “Чироқчи кластер ғалла” МЧЖ билан бошоқли дон етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалар тузган. Шартномаларга кўра, фермерлар томонидан 6,8 миллиард сўмлик дон топширилган. Аммо белгиланган муддат – 2024 йил 1 сентябрга қадар ҳисоб-китоб амалга оширилмаган.

 2024 йил 4 ноябрда “Чироқчи кластер ғалла” МЧЖга дебиторликни 3 кун ичида тўлаш талаби билан расмий талабнома юборилган. Лекин корхона бу талабномага ҳеч қандай муносабат билдирмаган ва тўловни амалга оширмаган.

Мавжуд вазият бизда бўлиб ўтган 2023 йилдаги ҳолатни такрорламоқда. Унда ўтган йили ҳам 65 та фермер манфаатида 3,4 миллиард сўмлик даъволар киритилган, ижро варақалари берилган, аммо “Агробанк” филиали томонидан маблағ айланмагани сабабли улар амалда бажарилмаган эди.

Жорий йилда Кенгаш ташаббуси билан 208 фермер хўжалиги манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида 6,8 миллиард сўмлик 142 та даъво аризаси тузилиб, Чироқчи туманлараро иқтисодий судига 2025 йил 27 майдан бошлаб кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

“Чироқчи кластер ғалла” МЧЖ билан тузилган шартномаларда ҳисоб-китоб 1 сентябрга қадар амалга оширилиши, кечикиш ҳолатларида эса 15 фоиз жарима ва ҳар кунлик пеня (0,4 фоиз) тўланиши кўрсатилган. Лекин ушбу шартлар ҳам ҳалигача бажарилмаган.

Фуқаролик кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 383-сон қарори талабларига кўра, фермер ва кластерлар ўртасидаги шартномалар ёзма тарзда, белгиланган талабларга мувофиқ тузилиши ва рўйхатдан ўтказилиши керак. Бу жараёнда туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари ва фермерлар кенгаши масъул ҳисобланади.

Фермер ўз ҳақини талаб қилишга ҳақли. Кенгаш эса бу жараёнда унинг ишончли таянчидир.

Нилуфар Бозорова суҳбатлашди.

ЎзА

✍️ UzFKUser