Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишда қандай муаммолар бор?
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури ижросини ўрганиш якунларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқлига айлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларини амалиётга кенг жорий қилиш, жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Айни пайтда ҳудудларимизда фермерлик ҳаракати 66 мингдан ортиқ хўжаликни бирлаштиради.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда тақдим этиладиган маълумотларга мувофиқ, ҳар йили Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланадиган Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури фермерлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Жумладан, 2018 йилга мўлжалланган дастур бўйича 22 минг 986 лойиҳани амалга ошириш эвазига 21 минг 634 фермер хўжалигида 83 минг 567 янги иш ўрни ташкил этиш белгилаб олинган эди.
Амалда эса 21 минг 305 лойиҳа рўёбга чиқарилган бўлиб, 81 минг 493 янги иш ўрни яратилди. Йилқичилик, паррандачилик, узумчиликни йўлга қўйиш ва доривор ўсимликлар етиштириш бўйича режалар тўлиқ бажарилган.
Бироқ, ўтган йилда мазкур дастур ижросини таъминлашда қатор камчиликлар ҳам қайд этилган. Хусусан, ҳудудлардаги 372 фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолият йўлга қўйилмаган. Уларнинг асосий сабабларидан бири молиялаштириш билан боғлиқ бўлган муаммолардир. Жумладан, Дастурга кўра, тижорат банклари томонидан кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун 592 миллиард 619 миллион сўм миқдорида кредит ажратиш режалаштирилган бўлиб, аслида етарлича маблағ билан таъминланмаган.
Мазкур масалани ҳал этишда маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятида ҳали ҳам сусткашлик кузатилмоқда. Шунингдек, Сирдарё ва Наманган вилоятларида гўшт, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, балиқчилик, асаларичилик ва иссиқхона хўжаликларини йўлга қўйишга доир лойиҳаларнинг катта қисми бажарилмаган.
Айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурини ижро этиш масалаларини деярли муҳокама этмаган. Бу борада жойлардаги муаммоларга етарлича эътибор қаратилмаган.
Тадбирда муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА