Сув урушга сабаб бўладими? Бунинг олдини олишда фермерлар иштироки қандай?

Яқинда Россия телеканалларидан бирида “мабодо, учинчи жаҳон уруши бўлса, бунга сув сабаб бўлиши маълум қилиниб, Россияда бу борадаги ҳолат бўйича хавотирли маълумотлар” эълон қилинди. Қизиқ, сув захираси кўплиги бўйича дунёда учинчи ўринда турган катта бир мамлакат сувдан оқилона фойдаланиш борасида тавсиялар бераётган бир вақтда сув манбаларининг 80 фоизидан ортиғи қўшни давлатларда шаклланадиган Ўзбекистонда нималар қилинмоқда. 

Ваҳоланки, аграр соҳа ривожланган давлатларда аллақачон тежамкорлик энг долзарб вазифалардан бирига айланган бўлса-да, биз бу борада ҳали мақтана олмаймиз. Маълумотларга кўра, юртимиздаги 328 минг гектар экин майдонида ана шундай технологиялар жорий қилинган, холос. Деҳқончилик истиқболи сифатида қаралаётган томчилатиб суғориш эса 43 минг гектарда қўлланмоқда. Бу суғориладиган экин майдонларининг атиги 1 фоизи демакдир.

Кимдир бу усулларни кенг оммалашмаганини фермерларнинг иқтисодий имконияти чекланганлиги билан изоҳлаши мумкин. Лекин аслида ҳам шундаймикан? Ёки бир гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиш учун 20 миллион сўм сарфлагандан оз бўлсаям, бор сувдан фойдаланганим яхши деган фикрга боришаётганмикан?

Хўжалигида томчилатиб суғориш тизимини жорий этган фермерлар тажрибасини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Иштихон нурли давр“ фермер хўжалигининг тажрибаси билан танишдик. 

Фермер хўжалигида ғўзани суғориш ишлари Греция технологияси асосида олиб борилар экан. Ҳозирда ушбу қурилма бир суткада 50-60 гектар дала майдонини суғориш қувватига эга. Агар оддий усулда ариқдан келган сувга суғорилса, бунинг учун 10-15 кун керак бўлади ва сув сарфи ҳам икки баробар кўп бўлади. Мазкур технологияни қўллаш орқали ҳам вақт тежалади, ҳам сув исрофгарчилигининг олди олинади. 

– Чиндан ҳам, томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ўз-ўзидан бўлмайди, –дейди фермер хўжалиги раҳбари Аҳадтилло Каримов. – Артезиан қудуқ қазиш, тиндириш ҳовузи қуриш, сувни далагача етказиб бериш учун ускуналар, қувурлар, тақсимлаш шланглари сотиб олиш… Табиийки, булар каттагина харажат талаб қилади. Ўзим ҳам бу усулни жорий этгунга қадар кўп ўйладим. Хўжалигимиз 2000 йилда ташкил топган бўлса, 2018 йилда томчилатиб суғоришни жорий этишга қарор қилдим. Ўтган бир йиллик тажрибамдан бу қарорни тўғри эканига ишончим ортди. Тўғриси, бунчалик кўп фойда келтиришини олдинроқ билганимда, ўн йиллар аввал томчилатиб суғоришни жорий этган бўлардим. 

Мазкур хўжалик кўп тармоқли бўлиб, чорвачилик, боғдорчилик, балиқчилик ривожлантирилмоқда. Шунингдек, пахта етиштириш борасида ҳам етарли тажриба тўпланган бўлиб, ўтган йили ана шу 140 гектар майдонга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Суғориш жуда қийин бўлган бу майдонларга қарийб 40 километр узоқликдан сув олиб келиниб, ҳосилдорлик 12-14 центнерни ташкил этган бўлса, 2018 йилда гектаридан 42 центнердан пахта етиштирилди. 

Сабаби оддий. Олдинлари суғориш навбати келгунча, чанқаб қолган ғўза шонасини бир қисмини тўкиб юборарди. Шуни ҳисобига ҳосилнинг бир қисми йўқотиларди. Энди эса ғўзадаги барча элементлар сақлаб қолинади. Негаки, ўсимлик илдизида доим нам ва озуқа бўлишига эришилди. 

– Иккита оддий қудуқ билан пахта етиштирдик, томчилаб суғориш менга жуда ёқди, – дейди фермер. – Харажатлар бир неча баробарга қисқарди. Вегетация даврида азотли ўғитлар ва ёнилғи мойлаш маҳсулотлари харажатлари 30-40 фоизга, меҳнат сарфини 2-2,5 мартага, энг асосийси сув сарфини 60-65 фоизга тежадик. Шунингдек, ер ости сувлари ва тузлар юқорига кўтарилмайди, тупроқ тузилмаси сақланиб қолади, ғўза қатор ораларида тупроқ бутун мавсум мобайнида қуруқ бўлиб, агротехник тадбирларни бажаришда техника ва одамлар ҳаракатланиши учун қулай бўлди. 4-майда экилган пахтани ўз вақтида йиғиб олдик. 

Томчилатиб суғорганда фермер нима ютади? Бунда ўсимлик тубида ер қатқалоқ бўлмайди. Илдиз қотмайди. Олдинлари 12 мартагача култивация қилинган ерларда бу тадбир уч марта ўтказилади. Оддий усулда бирданига 200-300 килограмм озуқа ишлатилса, бу усулда ҳар бир суғоришда 60-70 килограмм озуқа сарфланади. 

Демак, томчилатиб суғориш мулкдор учун жуда фойдали экан. Унда “Иштихон нурли давр“ фермер хўжалигида қанча фойда кўрилди? Харажатларни неча йилда қоплаш мумкин? 

– Пахтадан бемалол 40-50 центнер ҳосил олса бўлар экан, 15-20 центнер қаерда-ю, 40-50 центнер қаерда, – дейди фермер. – Тан олиш керак, 2018 йил деҳқонлар учун оғир келди. Шундай бўлса-да, барча харажатларим қопланди ва 8 миллион даромад қилдим. 2019 йилда эса 99 фоиз фойда билан чиқамиз. Сабаби, 2018 йилда ер ости, ер усти монтажини қилиш, агрегатлар қуриш, насос станциялари қуриш ҳисобига ҳар гектар учун 2 минг 200 доллар миқдорида харажат қилдик. Лекин, минерал ўғит, меҳнат ҳақидан, ёқилғи материалларидан тежалди. Қиёслаш учун айтсам, ҳар гектарга 400 килограммдан карбамид бердик. У азотли ўғитдан фарқли равишда ўсимлик илдизига секин ва узоқ таъсир қилиш хусусиятига эга. Грециялик мутахассислар билан маслаҳатлашиб, экиш даврида ҳар гектарига 100 центнердан аммафос, 70 килограммдан калий сарфладик. Бошқа вақтда бунинг учун 600-700 килограмм азотли ўғит сарфланарди. Бироқ, азотдан ҳар сафар фойдаланганда у худди портлаш каби бир марта таъсир қилади. Баъзида бу ўғитлар тупроқ устига тушиб, ҳавога учади. Томчилатиб суғоришда эса бир грамми ҳам нобуд бўлмай. 

Бу тарафи тушунарли, лекин кўпчилик ер устидаги шланкалар қуёшни тафтига дош бера олмай, эриб кетади, харажатлар ўзини оқламайди деган фикрни ҳам илгари сўради. Сиз бунга нима дейсиз? деб сўраганимизда фермер “ер остидаги қувурлар 50 йилга етиши, ер устидаги шлангларнинг бир марталиги ва уч йиллиги борлигини, бир марталиги арзон ва келгуси йилда алмаштирасиз” деган жавобни берди. 

Фермер бу йил чигитни 90Х90 схемада экиб, пахтани машинада териб олмоқчи. Шунингдек, томчилатиб суғориш майдонларини янада кенгайтириб, 2 минг гектарда уни жорий қилмоқчи. Шу кунга қадар бир ярим минг гектардан кўпроқ майдонда монтаж ишлари якунланди. 

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори янги усулни жорий этишга бел боғлаган мулкдорларга иқтисодий имконият бермоқда. 

Гап шундаки, бундай лойиҳа ташаббускорларига пахта етиштириладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун Давлат бюджетидан 8 миллион сўмдан субсидия тақдим этилади. Бундан ташқари, зарур ускуна ва жиҳозлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг муайян қисми Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хомашёлар 2021 йилга қадар божхона тўловидан озод этилди. 

Сайёра Шоева, ЎзА​

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram