Кўп тармоқли фермер хўжалиги қандай бўлиши керак?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Тойлоқ туманидаги “Pet Agro Oil” қўшма корхонасида бўлган эди… Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Тойлоқ туманидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган “Pet Agro Oil” қўшма корхонасида бўлиб, бу ерда вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишган эди. Мазкур қўшма корхона асосчиларидан бири, тумандаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Маърупов билан суҳбатлашиб, унинг фаолияти, келгуси мақсад ва режалари билан қизиқдик. Бундан 16 йил аввал мева-савзавот етиштиришга ихтисослашган хўжалик ташкил этиш билан фаолият бошлаган фермер кейинчалик мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда хорижий тажрибани пухта ўрганиб, етиштирилган ҳосилни қайта ишлаш корхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Маҳсулотни экспорт қила бошлади. Сўнгра интенсив боғлар, замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Илғор хорижий технология асосида чорвачилик, паррандачилик комплекслари ташкил қилинди. Ушбу тармоқларда ярим тайёр маҳсулотдан кўра, тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини бозорга чиқариш кўпроқ фойда келтиришини ҳисобга олиб, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйди. Ҳозирда мазкур йўналиш бўйича фаолият кўрсатаётган корхона ички бозорда муносиб ўрин топди. Бундан ташқари, саноат соҳасида ҳам бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Шу тарзда бугун “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги нафақат кўп тармоқли хўжаликка, балки йирик ишлаб чиқариш корхоналари тармоғига айланди.
Кейинги йилларда мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш фаолияти ҳам хўжаликнинг муҳим йўналишлари қаторига кирди. Хориждан келтирилган замонавий технологиялар ёрдамида ҳўл ва қуруқ мева қайта ишланиб, асосан экспортга чиқарилмоқда. – Ускуналаримиз соатига 5 тонна мевани қайта ишлаш қувватига эга – дейди хўжаликнинг мевани қайта ишлаш йўналиши бўйича масъулларидан бири Умида Қурбонова. – Улар ёрдамида нафақат хўжалигимизда етиштирилган, балки бошқа фермер ва тадбиркорлардан харид қилинган маҳсулотни ҳам қайта ишлаб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан қадоқлаяпмиз. Ўтган йили Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Украина, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларга майиз, олхўри, ерёнғоқ, олча ҳамда дуккакли маҳсулотларни экспорт қилиб, яхшигина даромад қилган эдик. Ҳозир ҳам 2 минг 800 тоннадан ортиқ майиз, мош, нўхат ва бошқа маҳсулотлар хорижга сотишга тайёр турибди. Бунинг учун чет эллик ҳамкорларимизнинг буюртмалари мавжуд. Президентимизнинг хўжалигимиз фаолияти билан танишиб, олиб бораётган ишларимиздан хурсанд бўлгани ва бир қатор янги таклифлар билдирганидан барчамизнинг бошимиз осмонга етди. Айни пайтда янгича куч-ғайрат билан олдимизга янги марралар қўйиб, ҳаракатни бошладик. Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА