Вазирликка 20 дан ортиқ пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларидан талабнома келиб тушган

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежовчи илғор технологиялардан фойдаланиш ва унинг истиқболлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, суғориладиган ерларда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарорида сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди. – Томчилатиб суғориш технологияларини ҳудудларда кенг жорий қилиш мақсадида 20 дан ортиқ пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларидан вазирлигимизга талабномалар келиб тушди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Рустам Қаршиев. – Ҳудудларда томорқа эгалари, фермер хўжаликлари раҳбарлари билан ўтказилаётган учрашувларда ҳам бу тажрибанинг афзалликлари хусусида атрофлича тушунтирилмоқда. Саъй-ҳаракатларимиз сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш ва сув танқислиги оқибатларини юмшатишга ёрдам беради. Бу жараёнда олимлар, экспертлар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Семинарда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари бўйича атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ғўза ва полиз экинлари, боғдорчиликда томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш борасида сўз юритилди. Тадбирда сув етказиш оғир бўлган ҳудудларда аҳоли томорқаси учун махсус қудуқ қазилиши, сув таъминотини яхшилаш борасида янги ташкил қилинаётган лойиҳалар хусусида айтиб ўтилди. Семинар доирасида томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан махсус кўргазма ташкил этилди. 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram