Қамашида Хитой пахта нави етиштирилмоқда

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида бўлиб, қишлоқ хўжалик экинларини кўздан кечирмоқда.

Айни вақтда ишчи гуруҳи Қамаши туманининг бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, экинлар парвариши борасида маслаҳатлашиб олинди. Хусусан, “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалигининг 13 гектар майдондаги ғўзаси кўздан кечирилиб, янги навни парваришлаш борасида тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Қайд этиш керак, туманда 389 та фермер хўжалиги бўлиб, улар 9000 гектар ерда деҳқончилик қилмоқда.  

Эътиборли жиҳати туман фермерлари ҳар йили экин майдонларида хориждан келтирилган янги чигит навларини синовдан ўтказади. Мисол учун, бу йил 9 та фермер хўжалиги 57 гектарда Хитойнинг “Хин Лу Зао” чигит навини юксак технологиялар асосида парваришламоқда.

– Глобал иқлим ўзгариши жараёнида қишлоқ хўжалигида тежамкор ва ҳосилдор навларни мамлакатимиз шароитига мослаш орқали ҳосилдорликни икки баробарга ошириш бўйича тажриба ишларини бошлаб юбордик, – дейди Актам Хаитов. – Хитойнинг “Хин Лу Зао” нави касалликларга, иссиқ иқлимга чидамли тезпишар ва серҳосил нав саналади. Бу нав экилган майдонларнинг ҳар гектаридан 70 центнергача ҳосил олиш мумкин.  

Мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларида пахта ҳосилдорлиги ўртача 35 центнер эканини ҳисобга олсак, бу нав хўжаликлар иқтисодини юксалтиришда муҳим иқтисодий таянч бўлади. Шунингдек, хўжаликларда қўл меҳнати кескин камайиб, сувни тежаш имкони яратилади.

Эътироф этиш керак, анъанавий усулда пахта етиштириш жараёнида ҳар гектар майдонга 25-30 миллион сўм маблағ сарфланса соф даромад атиги 2-2,5 миллион сўмни ташкил этади. Бу пахта навини етиштириш орқали хўжаликлар оладиган соф фойда миқдори кескин ошади.

Ушбу пахта навининг толаси ниҳоятда пишиқ ва жуда сифатли бўлиб, унинг парваришида хатога йўл қўймаслик керак. Мазкур нав бу йил синов тариқасида Қамашидаги бир нечта фермер хўжалигида экилди. Натижа яхши бўлса, келаси йили тумандаги барча фермер хўжаликларига ана шу навни экиш учун тавсия этилади.

Бир сўз билан айтганда, пахтачиликда хитой технологиясини амалиётга татбиқ этиш иқтисодиётимизни юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Нилуфар Бозорова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/qamashida-hitoy-paxta-navi-etishtirilmoqda_620557

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram