Қишлоқ хўжалиги: ҳуқуқ ва имкониятлар яна кенгайди

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш, ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агросаноат кластерлари ва бошқа юридик шахсларга ер участкалари ажратилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, ерлардан фойдаланиш шартлари қайта кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар учун, айниқса, кенгаш аъзолари бўлган деҳқон, фермер хўжаликларининг иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқлари кенгайтирилди. Шунингдек, уларнинг даромадини кўпайтириш учун янги имкониятлар яратилди. 

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида, боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилиши ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агросаноат кластерлари ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча киритилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда  Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари белгиланди. 

Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида” ги қонунига ҳам бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун  қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада такомиллаштириш,  фермер ва деҳқонлар даромадини ошириш, ижара ва шартнома ҳуқуқий муносабатларини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. 

С. Ҳотамов, 

Кенгаш Ҳуқуқий масалалар ҳамда фермер, 
деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/qishloq-xozhaligi-huquq-va-imkoniyatlar-yana-kengaydi_618844

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram