Салкам 1 млн. гектар майдонга такрорий экин экилади (+видео)

Жорий деҳқончилик мавсумида республикамизда ғалладан бўшаган 923 682 гектар майдонга такрорий экин жойлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, ўрим-йиғим тугаши биланоқ дарҳол бободеҳқонларимиз иккинчи ҳосил учун ҳаракатни бошлаб юбормоқдалар. Олинган статистик маълумотларга кўра шу кунгача салкам 642 минг гектар, яъни 70% ғалладан бўшаган майдон экиб бўлинди.

Масалан, Сирдарё вилоятида ғалладан бўшаган 70 000 гектар майдонга 2 минг нафардан ортиқ фермер хўжаликлари ерларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда  аҳоли даромадларини ошириш мақсадида  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жойлаштирилади. Бугунги кунгача ушбу ерлар пешма-пеш ҳайдалиб, 52 минг гектарига ёки қарийб 74 фоизига турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари экилган.  

– Сирдарё туманида ҳам 260 нафар ёшларимизга 1 гектардан ғалладан бўшаган майдонлардан ер берилди, – дейди Сирдарё вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари  ва  томорқа  ер  эгалари  кенгаши  раиси  Рўзиқул  Примқулов. – Фермер хўжаликлари раҳбарлари ўзлари ҳомийлик қилиб, ерни ҳайдаб, уруғ, кўчатларигача етказиб беряпти. 8та экспортёр ташкилот бириктирилган. Ёшларимиз маҳсулотларини экспорт қиладилар.  Масалан, экспорт мошнинг нархи қарийб 25 минг сўм бўлади.  Ушбу бир гектардан 1.5 тонна оладиган бўлинса ёшларимиз такрорий экиндан 37-38 миллион сўм маблағ ишлаб оладилар.  

Айни кунларда экиш жараёнларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, зарур моддий техника билан таъминлаш, уруғлик ва ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш мақсадида ҳар бир туманда махсус штаблар ташкил этилиб, кунлик маълумотлар базаси яратилган. Такрорий экин сифатида дуккакли, мойли ва озуқа  экинлар, сабзавот, шоли, тариқ, картошка, полиз, супурги каби қишлоқ хўжалигининг сердаромад маҳсулотлари экилмоқда.

Шу жумладан республика бўйича 500 минг гектардан зиёд экин ерлари «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтарига» киритилган инсонларга такрорий экин учун берилмоқда. Масалан, биргина Сирдарё вилоятида 20 минг нафар ушбу дафтарларга киритилган фуқороларга салкам 15 минг гектар майдон ажратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 9 224 нафарига 10 600 гектар мадойда сабзовот ва бошқа турдаги экинлар учун берилди.  Албатта, бу ҳам ижтимоий ҳимоянинг бир тури ҳисобланади. Чунки, ер билан бирга аҳолининг кам таъминланган қатламларига деҳқончилик учун барча зарур воситалар ҳам етказиб берилмоқда.  

Бир сўз билан айтганда такрорий экин ишларининг  қисқа фурсатларда амалга оширилиши олинадиган юқори ҳосилга замин бўлиб хизмат қилади.  

https://www.youtube.com/embed/6OMb6aIj0fE?si=49Og6lD32qzvfIaq

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/salkam-1-mln-gektar-maydonga-takroriy-ekin-ekiladi-video_613022

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram