Чекка ҳудудларда ёшлар бандлиги қандай таъминланмоқда? (+видео)
Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Аҳолининг асосий қисмини навқирон авлод вакиллари ташкил этадиган давлатимизнинг имкониятлари жуда юқори. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги тармоғида туман ҳокимликлари захирасида 60 минг гектар ер майдонлари мавжуд бўлиб, уларнинг катта қисми ёшларга аукцион орқали берилмоқда.
Бунга давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 апрелда қабул қилган “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Жойларда қарор ижроси ва самарасини кўриш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан Сирдарё туманида бўлдик.
“Матонат” маҳалласининг ғайратли ёшлари авваллари кам ҳосил берган ушбу майдонларнинг тилини топишди ва тез орада серҳосил майдонларга айлантиришди. Муҳими эндиликда чекка қишлоқда серғайрат ёшлардан иборат ёш мулкдорлар қатлами шаклланиб келмоқда.
– Муҳтарам Президентимизнинг 153-сонли қарорларига асосан биз маҳалламиздаги ягона реестр рўйхатида турадиган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига, қолаверса, миграцияда юрган ёшларимизни туман сектор раҳбарлари билан онлайн мулоқотлари орқали шундай имконият берилгани ҳақида, сувли жойлардан ер берилиши, даромад олишлари учун кенг имконият яратилгани хусусида хабардор қилдик. Натижада, миграциядан қайтиб келган ёшларга мана сиз кўриб турган 15 гектар ер, 30 нафарига берилди. Ҳар хил полиз экинлари: тарвуз, қовун, ошқовоқ экилган. Туманимизда штаб бор. Улар томонидан ёшларнинг маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашилади.
Маҳалла тавсиясига кўра электрон онлайн аукцион савдоларда ғолиб бўлган ёшларга ернинг нархи 10 йил муддатда бўлиб тўлаш шарти билан 30 йилга берилмоқда. Талабгорларга сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга суғориладиган экин майдонлари таклиф этилди.
Боғдорчилик-узумчилик йўналишлари учун кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз боғлар ер майдонлари, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари кичик лотларда «бир массив — бир маҳсулот» тамойили асосида ижарага берилмоқда.
Бунда, электрон онлайн аукцион савдоларида 1 нафар талабгор иштирок этган тақдирда, истисно тариқасида аукцион ўтказилган ҳисобланади ҳамда ушбу имтиёзли шартлар асосида ўтказиладиган аукцион савдоларида ёшларга ер майдонини фақат бир маротаба ижарага олишга рухсат берилади.
Қарор бўйича яна мамлакатимизда мавжуд 218 минг гектар ер майдонини янгидан ўзлаштириш белгиланган бўлиб, биргина Сирдарё вилояти бўйича 10 минг гектардан зиёд майдон қайта фойдаланишга киритилади. Бунинг учун республика бюджети ва Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 14 млрд сўм йўналтирилади.
Умуман республика бўйича бу ишларга 300 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Бундан ташқари Халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳам жалб этилади.
https://www.youtube.com/embed/Kvxi5J25Kpo?si=rStEJ2NwKr6mi8Zw
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/chekka-hududlarda-yoshlar-bandligi-qanday-taminlanmoqda-video_613338