Ўзбекистон тарихида ғалла хирмони илк бор 9 миллион тоннадан ошди

Энг қувончлиси, ҳали далаларимизда ғалла ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда.

Она ватанимиз юксалиши ва равнақига улкан ҳисса қўшаётган миришкор деҳқонларимизни фидокорона меҳнати эвазига ҳар қайси оиланинг, эл-юртимизнинг ризқ-рўзи, дастурхонини тўкинлиги, одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг барча соҳаларидаги каби, қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи – ғаллачиликдаги туб ислоҳотлар ҳам ўзининг самарасини бермоқда. Энг муҳими, ғалла етиштирувчилар манфаати таъминланиб, юқори даромадга эришилмоқда. 

Бу йилги мавсумда ҳам қисқа фурсатларда сувли майдонларга экилган ғаллазорлардан 2 млн 550 минг тоннадан ортиқ ёки ҳар гектар ҳисобига 2,5 тонна буғдой жамғарилиб, давлат ҳариди тўлиқ амалга оширилди ва биржаларда сотиш учун омборларда заҳира қилинди, миришкор фермерларимиз юзи ёруғ бўлди. Бунда, 40 мингга яқин ғаллачилик фермер хўжаликларининг муносиб ҳиссаси бор.

Ана шундай юқори кўрсаткичга эришаётган уста деҳқонларимиз сони йилдан-йилга ошаётгани албатта, қувончли. Жорий мавсумда 4,5 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари 100 центнердан юқори хирмон яратди.

Ромитандаги “Ғафуробод Зулфия”, Олотдаги “Шукурулло ўрин” Косон туманидаги “Тоғаев Анвар”, Пахтачидаги “Ўзагро саҳоват ерлари”, “Азиз бобо далалари”, Нарпайдаги “Пахтакор”, Иштихондаги “Тожиев Қурбон ота”, Ангордаги “Хамкон тилла булоқ”, Жарқўрғондаги “Дилшод Равшанқулович”, Қумқўрғондаги “Элобод зиёси”, Шерободдаги “Шайман ота”, Бешариқдаги “Илхожон Олимов”, Тошлоқдаги “Боймат Шерматов саҳовати”, “Зироатчи”, Учкўприкдаги “Саховатлик ҳамкорлик”, Ёзёвондаги “Вар Зулфиқор”, Гурландаги “Севара Феруза”, “Санжарбек Эргашбек”, Янгибозордаги “Давронбек олтин диёри” ва “Тожибой” каби фермер хўжаликлари ана шундай пешқадамлар қаторида экани қувончли. 

Таъкидлаш жоизки, белгиланган ҳажмдаги буғдой барча ҳудудларда 15-16 иш кунида жамғарилди. Шу билан бирга, далаларда ҳосил мўл, ўрим-йиғим ишлари кўтаринкилик билан давом этмоқда.

Бу йилги мавсум ҳақида сўз юритганда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг самарасига алоҳида тўхталиб ўтишимиз шарт. Хусусан, жорий йил ҳосили учун биологик эскирган навлар ўрнига янги серҳосил ва об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли кузги буғдой навларининг майдони 585 минг гектарга кенгайтирилди.

Соҳа техника парки модернизациясини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига экиш мавсумида 105 минг гектар майдон лазерли текисланди ҳамда 300 минггектардан ортиқ очиқ майдонлар замонавий дон экиш сеялкаларида экилди.

2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиётини бекор қилиш, соҳада босқичма-босқич бозор тамойилларини жорий этиш ютуқлар омили бўлмоқда.

Фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурс етказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқининг берилиши, шунингдек, донни харид қилиш ва сотишда биржа механизмининг жорий этилиши юқори манфаатдорликни таъминламоқда. Шунингдек, жорий йилда қарийб 5 мингга яқин фермер 285 минг гектарда ўз маблағлари ҳисобига ғалла етиштиргани ҳам ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. 

Ғаллачиликдаги бундай юқори натижалар, аввало, деҳқон ва фермерлар, ғалла кластерлари ишчи-ходимлари ҳамда соҳа фидоийлари томонидан туну кун қилинган машаққатли меҳнатининг, шунингдек, пухта ўйланган ислоҳотлар ва илмий ёндашувларнинг муносиб самарасидир.

Замонавий техникалардан фойдаланиш натижасида экиш ишларини ўтган йилларга нисбатан 10-12 кун эрта якунлаш имконини берди, октябрнинг учинчи 10кунлиги ва ноябрь ойидаги ёғингарчиликлар эса асосий майдонларда ғаллани тупроқнинг табиий намига ундириб олишга қулай шароит яратди. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун субсидия ажратилиши натижасида ёмғирлатиб суғориш тизимлари ўрнатилган ғалла майдонлари кенгайтирилди. 

Халқимиз ризқ-рўзи бўлган улкан ғалла хирмонини яратган барча дала меҳнаткашлари – фермерлар, сувчилар, агроном ва механизаторлар, ғаллачилик кластерлари раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, соҳанинг фидоий олимлари ва мутахассисларини пешона тери, оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнати эвазига қўлга киритилган ғалаба ҳаммамизга муборак бўлсин.

Энг қувончлиси, ҳали далаларимизда ғалла ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. Қолган сувли майдонлар ҳамда лалми ва чорвачилик хўжаликлари майдонларида етиштирилган ҳосил ҳисобидан 9 млн тоннадан ортиқ улкан ғалла хирмони яратилди, уни соҳа фидоийлари қисқа муддатларда тўлиқ йиғиб олиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.

Ғалладан бўшаган майдонларда пешма-пеш такрорий экинлар экилмоқда, бу қишлоқ аҳолиси, ёшлар ва аёлларни мавсумий бандлиги таъминлашда ва даромад топишда муҳим омил бўлади.

Ўзбекистон фермер,

деҳқон хўжаликлари ва

томорқа ер эгалари кенгаши

https://yuz.uz/news/ozbekiston-tarixida-galla-xirmoni-ilk-bor-9-million-tonnadan-oshdi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram