Такрорий экин қўшимча даромад манбаидир
Республикамизда суғориладиган майдонларга экилаётган қишлоқ хўжалик экинлари асосини ғўза ва бошоқли дон экинлари ташкил этади. Бир миллион гектардан ортиқ майдонда ҳар йили буғдой ва арпа етиштирилади. Кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингач, ўрнига такрорий экин экиб, даромад қилиш имкони пайдо бўлади. Ғалладан бўшаган майдонларга аҳолининг кундалик озиқ-овқат талабларини қондирадиган дуккакли дон, дон, сабзавот, ем-хашак экинларини такрорий экин сифатида етиштириш келгусида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, одамларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга замин яратади.
Ерлардан самарали фойдаланиш, аҳолини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида кенгашимиз ташкилотчилигида республикамизнинг барча далаларидаги асосий экинлар ҳосили ўриб, йиғиб олинганидан кейин ўрнига иккинчи марта экиш ишлари кўп йиллардан буён амалга ошириляпти.
Кейинги саккиз йил мобайнида такрорий экин экиш асносида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш борасидаги сезиларли ишлар бажарилди. Аҳамиятлиси шундаки, ерга қадалган уруғ шу йилнинг ўзида ҳосил беради.
Бу йил ҳам бошоқли дон экинлари ўриб олинганидан кейин ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ҳамда ерни экишга тайёрлаш уюшқоқлик билан олиб борилаётир.
Такрорий экин сифатида, асосан, маккажўхори, жўхори, нўхат, мош ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини экиш тавсия қиляпмиз.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлимлари томонидан 2024 йилда ғалладан ва эртаки экинлардан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар жойлаштирилиши ҳамда аҳолига ажратилиши назоратга олинган. Барча вилоятлардаги такрорий экинлар экиладиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларига талаб этиладиган уруғликлар ҳисоб-китоби асосида томорқа хизмати корхоналари орқали уруғлик ва техника таъминотидан кўмак берилмоқда. Ер олган фуқароларга қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун талаб этиладиган моддий ресурслар ҳисоб-китоб қилинади ва етказиб берилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш борасида ваколат доирасида зарур чоралар кўрилади.
Наманган вилояти мисолида оладиган бўлсак, жами бўлиб, ғалладан бўшаган 73 минг 555 гектар майдонга такрорий экин экилади. Мисол учун Тўрақўрғон туманидаги “Турсунбой Комилов” фермер хўжалигига қарашли 50 гектар майдон 25 нафар ёш оилага деҳқончилик қилиш учун ажратилган. Поп туманидаги “Ҳазрати Ҳасан” фермер хўжалигининг ҳосили йиғиштириб олинган 30 гектар ерига 30 фуқаро деҳқончилик қиладиган бўлди. Мазкур туманнинг “Файз барака уйғур” “Аброрбек Шоҳруҳмирзо” фермер хўжаликлари тасарруфидаги 78 гектар майдон ҳам такрорий экин экиш учун 63 оила ихтиёрига берилади.
Мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларидаги фермер хўжаликларининг ғалласи ўриб олинган ер майдонлари бўш қолдирилмайди. Ишсиз фуқаролар, деҳқончилик қилиш ниятида бўлган ёш оилалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда чорва моллари учун озуқа етиштириб олишади.
Кенгашимиз мутахассислари ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳлари билан ҳамкорликда 2024 йилда ғалладан ва эртаки экинлардан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш учун ер тайёрлаш, экиш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш, ички ва ташқи бозорга етказиб бериш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, экиш ишлари бошланганидан ҳосил йиғиштириб олингунига қадар назорат ишлари ташкил этилиб, амалий тавсиялар бериб борилади.
Шу йил 18 июн куни республика селекторида эълон қилинган Сирдарё вилояти мисолида ишлаб чиқилган ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш бўйича намунавий дастур – йўл харитаси асосида ҳар бир вилоятда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ерларни ҳайдаш, экин экиш ҳамда суғориш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонимизда ишсиз фуқаролар, ёш оилалар такрорий экин экиш, деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим орқали қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланади ва турмуш фаровонлиги оширилади. Пировардида улар томонидан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз дастурхони тўкислигига хизмат қилади.
Зокир Алламуродов, Ўзбекистон Фермер, деҳқон
хўжаликлари, томорқа ер эгалари кенгаши бўлим мудири.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/takroriy-ekin-qoshimcha-daromad-manbaidir_610306