Оғир ҳудудларда оби ҳаёт муаммолари ҳал қилинмоқда

Томорқа хўжалигини тараққий эттириш орқали бозорлар арзонлиги ва дастурхонлар тўкинлигини, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида давлатнинг иқтисодий кўмаги асосида яратилаётган имтиёз ҳамда қулайликлар Бухорода ердан юқори ҳосил олишда имконият эшикларини очяпти.

Юртбошимизнинг 2020 йил 30 июлдаги “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқдаги шахсий экин майдонлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.  

–Жондор тумани вилоятнинг сув таъминоти оғир ҳудудларидан биридир. Жорий йилнинг ўзида туманда давлат томонидан ажратилган субсидия маблағлари орқали 10 га яқин артезиан қудуғи қазилиб, томорқа хўжаликларини ривожлантириш шароитлари яхшиланди, – дейди Бухоро вилояти Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Хуршид Болтаев. – Масалан, туманнинг энг чекка Қулончи қишлоғида шу йилнинг май ойида сув муаммоси ҳал қилинди. Бундай эзгу ва хайрли саъй-ҳаракатлар тумандаги Хўжаҳайрон ва Довуд маҳаллаларида ҳам йўлга қўйилиб, томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотлар салмоғи ошди.  

Аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш баробарида одамларнинг ўз ҳаётидан мамнунлигини таъминлаш юзасидан Пешку туманида ҳам кенг кўлами ишларга қўл урилмоқда. Бунга мисол, туманда шахсий экин майдонларини сув билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 6 та артизан қудуғи қазилди. Бир неча йиллардан буён экин ерларини суғоришда муаммоларга дуч келаётган аҳоли артезиан қудуқлари орқали оби ҳаёт таъминотига эга бўлди.  

– Томорқадан илгари бир марта ҳосил олган бўлсак, эндиликда сув муаммоси ҳал бўлгандан кейин 3 мартагача маҳсулот етиштиряпмиз, – дейди қишлоқ нуронийларидан бири Рафиқ Ҳалимов.  

Сув келтирган элда азиз, дейди доно халқимиз. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган махсус дастур доирасидаги ишларда ҳам сув таъминотини ҳал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир.    

Масалан, Ғиждувон туманидаги Кўшк маҳалласига қарашли Юқори Кўшк қишлоғида шахсий экин майдонлари учун сув манбалари яратилганлиги аҳолига қулайлик бўлди. Ушбу ҳудуд аҳолиси чиндан ҳам сувдан узоқ йиллар қийналиб келаётган эди. Мана эндиликда барча қийинчиликлар ортда қолди.    

– Аҳолининг узоқ йиллик орзуси амалга оширилди, – дейди “Кўшк” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рашид  Тўхтаев. – Орзиқиб кутилган оби ҳаёт ҳудудимизга кириб келди.  

   Хуллас, Бухоронинг сув таъминоти оғир ҳудудларида давлат ёрдами билан оби ҳаёт муаммолари ўз ечимини топмоқда. Бу эса томорқа хўжалигини ривожлантириш имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда.  

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/ogir-hududlarda-obi-hayot-muammolari-hal-qilinmoqda_606011

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram