Янги тартиб кластерлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини ривожлантиради
Президентимизнинг 2023 йил 12 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини ривожлантириш, пахта-тўқимачилик кластерлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ўртасидаги муносабатларни бозор тамойиллари асосида такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Унга кўра, пахта хом ашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ нормативлари доирасида республика товар-хом ашё биржасининг “пахта хом ашёси секцияси”да ҳар бир ҳудуд бўйича ўтказиладиган савдолар натижаларига қараб тузиладиган бўлди.
Эндиликда пахта етиштирувчи шартномада кўрсатилган ҳажмдан кўп етиштирилган пахта хом ашёсини шартнома тузмаган ҳолда ҳам биржа орқали тадбиркорга сотиши мумкин. Фермер хўжалиги ер ижараси, фьючерс ва кредит шартномаларида кўрсатилган мажбуриятларини бажара олмаса, ўз мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигига мол-мулк қонунчилигига мувофиқ субсидиар жавобгарлик юклатилади.
Жорий йил ҳосилидан бошлаб, пахта хом ашёсини етиштириш, пахта йиғим терими ва харидини қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан молиялаштирилади. Янгидан ташкил этиладиган республика штаби пахта ҳосилини сотиб олиш ва сотиш бўйича янги тизимнинг шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда пахта етиштирувчи манфаатини таъминлашда масъул ҳисобланади. Пахта хом ашёсини етиштиришни молиялаштириш устидан назорат қилиш, сақлаш, реализация қилиш, маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш билан ҳам шуғулланади.
Кластерларни ташкил этишда янгиланган тартиб жорий этилади. Унга кўра кластерликка талабгорларга тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ип калава, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш қувватларини камида икки босқичда йўлга қўйиш талаби қўйилади. Жорий йилдан кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан пахта хом ашёси тўлиқ электрон тарози орқали қабул қилинади ва пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий қилинади.
2024 йилда пахта ҳосилидан бошлаб электрон тарози орқали қабул қилинган пахта хом ашёси ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими ишга туширилади. Кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан харид қилинган пахта хом ашёси ўзларининг техник жиҳатдан малакалилиги маъқулланган лабораториясида ёки шу талабга жавоб берадиган бошқа лабораторияларда таҳлил этилиб, қабул қилишга рухсат этилади. Фермер хўжаликларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун аввал ажратилган кредитлар таъминоти сифатида қабул қилинган кластерларнинг кафиллигини фермер хўжаликларининг ликвидли мол-мулк гарови билан алмаштиришга рухсат берилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича ажратилган кредитлардан 2024 йилдан қайтган маблағлар сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириладиган бўлди. Кластерлар фермерлар томонидан етиштирилган пахта ҳосилини шартномада белгиланган нархларда сотиб олиш ва ўз маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган якуний ҳисоб-китобнинг 20 фоизини молия йилининг 31 декабрига қадар амалга оширишга мажбур эканлиги фермерларнинг янада самара фаолият олиб боришига сабаб бўлади.
Кенгаш тегишли соҳа мутахассислари билан биргаликда жойларда фермер хўжаликларининг минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари бўйича ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этишига кўмаклашади. Жойлардаги кенгашлар ташкилотчилигида қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари бўйича маълумотларни кенг жамоатчиликка етказилмоқда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терим харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам пахта хом ашёсини етиштириш ва йиғим-терим харажатларини ҳамда харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш, биржа савдолари орқали сотишни тартибга солишда муҳим қадам бўлди.
Жорий йилдан Қишлоқ хўжалик вазирлигининг “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграция платформаси таркибига кирувчи “Агроплатформа” АТ ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини йўлга қўйгач, жамғарманинг ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилади.
Пахта хом ашёси етиштириш харажатлари учун ажратиладиган кредитларнинг миқдори агротехник тадбирлар учун зарур бўладиган минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситаларнинг нархлар динамикасини таҳлил этиб, агротехник хариталардан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Жамғарма томонидан ойма-ой белгиланиши молиявий кўмак ажратишда шаффофликни таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, кластерлар ва фермер хўжаликларига берилаётган имтиёзлар вилоятларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тармоқда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Зокир Алламурадов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи