2023 йилнинг сўнгги ойлари Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Янгиобод қишлоғида яшовчи Эркин Рўзиев учун хайрли ташвишлар билан кечди. Томорқасидаги кафтдеккина иссиқхонасида лимон етиштирган бу миришкор юртдошимиз салкам ярим тонна маҳсулотни бозорга чиқарди.
— Ҳосил бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди, — дейди устачилик ортидан рўзғор тебратиб келаётган Эркин ака. — Бир туп лимон дарахтидан 70 килограммга етказиб ҳосил олган пайтларимиз бор. Аммо 2022 йилги аномал совуқ лимон кўчатларига бироз зиён етказди. Шукр, нолимаймиз. Иссиқхонадан топилган қўшимча даромад рўзғор каму кўстини тўлдиряпти. Картошка ҳам етиштирамиз. Оғилда қорамол ва ўн бош қўй бор.
— Лимоннинг инсон саломатлигига фойдаси катта, — дея суҳбатга қўшилади узоқ йиллар шифохонада ҳамширалик қилган, айни дамда пенсияда бўлган Феруза Ўринова. — Биз лимончилик билан йигирма йилдан буён шуғулланиб келяпмиз. Очиғи, у жуда катта куч-ғайрат талаб қилмайди. Қишда иссиқхонадаги ҳароратни меъёрида сақлаб, парваришини оби-тобида олиб борсангиз бас. Кўриб турганингиздек, иссиқхонамизни қўш қаватли полиэтилен плёнка билан ёпганмиз. Ҳаво совиган заҳоти похол тутатиш йўли билан иссиқхонадаги ҳароратни меъёрида сақлаб турамиз.
Қиш-қировли кунларда иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, помидор, бодринг, булғор қалампирини етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси Бекзод Асадов шуни таъкидлар экан, бизни “Зарафшон – боғдорчилик” дея номланган чекка ҳудуд сари бошлади. Бу ерда яшовчи Толмас Чўлиев ўн сотих ерда иссиқхона барпо этган. Оиласидагилардан ташқари уч-тўрт кишини мавсумий ишга жалб қилган Толмас 2023 йилнинг сентябрида бодринг экиб, 7 тоннадан зиёд ҳосил олди. 100 миллион сўм даромад қилди. Унга қадар эса беш тоннадан зиёд помидор етиштирганди.
— Ёзда маҳаллий ўғит киритиб ерга “дам “ бердик, — дейди у. —Негаки, ер ҳам худди тирик жонга ўхшайди. Қаттиқ меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқариши керак. Куни кеча бодринг палагини йиғиштириб олдик. Дарҳол помидорнинг таъми мазали, узоқ муддат яхши сақланадиган кўчатидан 2700 туп ўтқаздик. У февралнинг охири, март ойи бошларида пишиб етилади. Камида 8 тонна ҳосил олишни чамалаб турибмиз.
Исми жисмига монанд Толмаснинг яхши бир одати бор. Маҳсулотни ўзи бозорга чиқариб сотади. Иссиқхонадан тўғридан-тўғри бозор растасига чиқса маҳсулот чўнтакбоп нархда сотилади, харидор берган пулига рози бўлади, деб ҳисоблайди.
Айтмоқчи, табиий газ ва сув таъминоти бўлмаган овлоқ бир ерда бу инсон иссиқхонани қандай қилиб узлуксиз ишлатяпти, деган савол туғилиши табиий.
— 50 тонна кўмир сотиб олганмиз, — дейди у. — Сувни ҳам автомашинада келтирамиз.Текинга эмас, албатта. Экинни томчилатиб суғорамиз. Иссиқхонадаги ҳарорат тунда 14 даражадан паст бўлмаслиги керак. Шу боисдан эртаю кеч бедормиз.
Сирасини айтганда, ўн сотихли иссиқхонани кўмир ёки ўтинда иситиб, помидор, бодринг етиштиришга ҳар ким ҳам журъат қилавермайди. Маълум сабабларга кўра, томорқачиларга табиий газ таъминоти йўлга қўйилмаган. Йирик иссиқхона хўжаликлари бундан истисно, албатта. Шу боисдан айни пайтда томорқа ер эгаларининг аксарияти резавор кўкатлар етиштириш билан кифояланиб қолишяпти.
Дейлик, Бухоро шаҳридаги Отбозор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўнлаб иссиқхоналарда фақат шивит, кўк пиёз, саримсоқпиёз кабилар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, 16 минг аҳоли яшовчи маҳалла масъулларининг таъкидлашларича, хонадонларнинг 96 фоизи ердан оқилона фойдаланиб, бозор расталарини тўкин этишга ҳисса қўша олади.
Бинобарин, уч-тўрт, етти-саккиз сотихли иссиқхоналарни қишда иситишнинг илмий асосланган, нисбатан арзон усуллари сув ва ҳаводек зарур. Шундагина помидор, бодринг, булғор қалампири каби маҳсулотларнинг нархи худди ҳозиргидек осмонга чиқиб кетмайди. Қолаверса, бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш салмоғи ҳам ошади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

https://xs.uz/uzkr/post/issiqkhonadan-bozor-rastasiga