Туркиялик ҳамкорлар билан сув тежовчи технологияларини жорий қилишга келишилди
Фарғона вилояти Қува туманидаги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” МЧЖ ва Туркия давлати ўртасидаги халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 29-30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Мазкур ташриф доирасида бир қатор турк инвесторларидан иборат Ишчи гуруҳи “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” МЧЖга ташриф буюрди.
Қишлоқ хўжалигида юқори малакага эга бўлган мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳи МЧЖда Қува тажрибаси асосида етиштирилаётган ҳар хил турдаги мевали ва манзарали кўчатларни етиштириш жараёни, мазкур кўчатларни шартнома асосида Туркия республикасига етказиб бериш масалаларида ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, мулоқотлар чоғида бугунги кунда глобал муаммога айланган сув танқислигининг олдини олиш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий қилишда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишиб олинди.
Маъруфжон ЎРОЗОВ,
Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер
эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси
ЎзА