Ноқонуний қарорларнинг бекор қилишга эришилмоқда
Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликларининг тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардаги ҳақини ундириш, ноқонуний эгалланган ер майдонларини қайтариш, давлат бошқаруви органининг қарорларини қонунга хилоф деб топиш орқали бузилган ҳуқуқларини тиклашда фаол иштирок этмоқда.
Кенгаш вакиллари жорий йилнинг ўтган даврида 492 та, хусусан, 16 480 миллион сўм ҳақдорликни ундириш, 19 та ҳолатда 19 та фуқародан ноқонуний эгаллаб олинган 7 гектар ер майдонини фермер хўжаликларининг ҳисобига қайтариш бўйича тегишли судларга даъво ва шикоят аризалари киритилди. Натижада судларда 465 та 14 217,1 миллион сўмлик даъво аризалар қаноатлантирилди.
Шунингдек, апелляция инстанцияси Қизириқ тумани ҳокимининг фермер хўжаликларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган 3 та қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризамизни қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақидаги Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, Қизириқ тумани ҳокимининг ушбу 3 та қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Фермерларни ҳақини ундириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Шеробод туманидаги “Эшбой Абраев” фермер хўжалиги 2020 йил ҳосилида товар дондан ташқари 87,7 тонна уруғлик дон топширган. Аммо “Сурхондонмаҳсулотлари” жамияти ушбу уруғлик донни ҳам товар дон ҳисобига қабул қилиб, тўловни товар ҳисобида амалга оширган ва 138 437 757 сўм кам тўлаган. Вилоят кенгашининг даъво аризаси Термиз туманлараро иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, “Сурхондонмаҳсулотлари” жамиятидан “Эшбой Абраев” фермер хўжалигига 138 437 757 сўм ва унга ҳисобланган 30 000 000 сўм жарима ундирилди.
Сариосиё туманида фаолият юритаётган “Шошмохкашоб” кластери “Суғдиёна Далер” фермер хўжалигининг 19 832 347 сўм пул маблағини асоссиз равишда бошқа ҳаражаатлар учун дея тўлашдан ушлаб қолган ва 2020 йил пахта ҳосилидан 48 085 112,7 сўм пул маблағи ўз вақтида тўлаб бермаган. “Шаҳимардон мададкор” фермер хўжалигининг 14 178 580 сўм пул маблағини асоссиз равишда ушлаб қолган ва 2020 йил пахта ҳосилидан 37 891 040 сўм пул маблағини тўлаб бермаган. Вилоят кенгашининг даъво аризаси Денов туманлараро иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, маблағ фермерга тўлаб берилди.
Термиз туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига уй-жойлар қуриш мақсадида тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган “Уста Рауф боғи” фермер хўжалигининг 2 гектар боғ кўчатлари ва унинг орасига экилган саримсоқпиёзи қурувчилар ташаббуси билан бузиб ташланган. 50 та бир қаватли уй-жойлар қурилган ва фермер хўжалигига 467 миллион сўм зарар етказилган. Бу борада киритилган даъво аризага кўра, Термиз туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 198 миллион сўм ундирилди.
Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор туман ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ҳам ишлар олиб бормоқда. Мисол учун, Қумқўрғон тумани ҳокимининг “Баҳор чорбоғи” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш, унинг ер майдонини захирага олиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят ариза қаноатлантирилди.
Музработ туманидаги “Сафарова Зулфия” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ва унинг жами ер майдонини захирага олиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят ариза Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди.
Қизириқ туманида бир гуруҳ фермерларнинг ер ижара шартномалари бекор қилиниб, уларнинг ер майдонларини захирага олиш ҳақидаги туман ҳокимининг қароридан норози бўлдик. Натижада “Хушбоқ Сафаров”, “Абдураззоқов Қувончбек”, “Нормуродбобо-2020” ва “Маматқул” фермер хўжаликларига тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризамиз Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди.
Узун тумани ҳокимининг “Жаҳонгир Хайрулла” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш, унинг ер майдонини захирага олиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризамиз Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди. “Давлатмурод Барака” фермер хўжалигига тегишли 12 гектар ер майдонини фуқаро Бойиров Чорига бериш ҳақидаги туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризамиз Термиз туманлараро маъмурий судида кўрилиш арафасида.
Бойсун тумани ҳокими “Кофурун-писта-Бойсун” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ва 54 га. Ерини захирага олиш ҳақида қарор чиқарган. Бу борадаги шикоят аризамиз Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди.
Олтинсой тумани ҳокимининг “Сувқилисой-пахтакори” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ерларни захирага олиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризамиз Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди.
Денов тумани ҳокимининг “Бердиалиев Абдуносир Давронбекович” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ерни захирага олиш ҳақидаги қарорини ва захирага олинган ерни фуқаро Ражабов Ризоқулга бериш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишга эришилди.
Агар ҳисоб-китобларга назар соладиган бўлсак, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айни вақтда кенгаш фермер хўжаликлари киритаётган шикоят аризаларни судда кўрилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тикланишига эришмоқда. Жумладан, Сариосиё туманидаги “Асадбек Ахмедов”, Олтинсой туманидаги “Кавулдаш”, “Тошмамат Шерманов”, “Қаймоқли пахтакори” фермер хўжаликларининг ер ижара шартномаларини бекор қилиш ва уларнинг ер майдонларини захирага олиш ҳақидаги қарорлар Кенгаши томонидан ҳимоя қилинди.
Шунингдек, судларда қаноатлантирилган ишлар бўйича фермер ва деҳқон хўжаликларининг тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан 300 та ҳолатда 7 580 миллион сўм ҳақдорлиги ундирилди.
Қайд этиш керакки, ҳозиргача фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб 1 843 та ҳолатда фермер хўжаликларига таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан 19 326 миллион сўмлик ҳақдорлигини ундириш ҳақида талабномалар киритилди. Шундан 670 та талабномалар бўйича 2 367 миллион сўм пул маблағи ундирилди.
О.Севаров, Сурхондарё вилояти фермер,
деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси
https://uza.uz/uz/posts/noqonuniy-qarorlarning-bekor-qilishga-erishilmoqda_360043