Томорқачиларга амалий кўмак берилмоқда

Баҳор фасли. Деҳқону томорқачиларнинг йил давомида олажак ҳосили учун замин ҳозирланадиган мавсум.

Шу боис жойларда баҳорги экинлар экилиши ҳолатини ўрганиш, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш ва тарғибот тадбирларини ўтказиш, етарли даражада экилмаган ва эгалари етарлича эътибор берилган мониторинг қилинмоқда. Томорқаси шудгор қилинмаганларнинг ерлари мини тракторлар кўмагида ҳайдаб берилмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тошкент вилояти кенгаши масъул ходимлари Бўка туманида аҳоли билан учрашув ўтказди. Унда Фарғона вилоятидан таклиф этилган деҳқон, агроном ва тажрибали томорқачилари ҳам иштирок этиб, ўз маҳоратлари ва “деҳқончилик сирлари” билан ўртоқлашди.

“Бўка” МФЙ да яшовчи Сапарбой  Ҳотамов оиласи 50 сотихда деҳқончилик қилади. Шунингдек, 3 сотихда жойлашган иссиқхонада кўкатлар, бодринг, саримсоқпиёз етиштириш ҳадисини олган. “Мардона” маҳалласида яшовчи Шохид Элбоев  хонадони 33 сотихлик томорқага эгалик қилмоқда. Шунинг, 2,5 сотихида иссиқхона барпо этилган бўлиб, булғор қалампири, картошка ва турли кўкатлар етиштирилмоқда. олма, беҳи, нок ва лола гуллари ва уларнинг кўчатлари сотувга чиқарилмоқда. Бундан ташқари  олти бош қорамол ва олтита асалари оиласи хонадон даромадини янада оширишда қўл келмоқда. 

– Маҳалламизда кўпчилик иссиқхонада ҳосил етиштириш, ердан унумли фойдаланиш тажрибасини ўзлаштирмоқда, – дейди  Бўка туманидаги Музқаробоқ қишлоғида яшовчи  Султон Ҳусанов. – Ўзимдан қиёс: 3 сотихлик иссиқхонада лимон, саримсоқпиёз, помидор, кўкатлар етиштириб, яхшигина даромад олаяпмиз. Шунингдек,  хонадонимизда 10 дан зиёд қорамол, 6 та қўй ва 40 товуқ парвариш қилинмоқда. Сут ва сут маҳсулотлари, тухум кабиларни эҳтиёжимиздан ортиғини бозорга етказиб берамиз. Бугун Фарғоналик деҳқонлардан ердан янада оқилона фойдаланиш сирларини ўргандик.

Қайд этиш керакки, фарғоналик деҳқонлар азалдан ғалла етиштириш, боғдорчилик, узумчилик соҳасида катта тажриба тўплаган.  Ҳамма иқтисодий соҳаларда асосий мезон даромад. Аслида ҳам бозор талаби ўрганилиб, ақл билан иш тутилса, ҳар бир хонадоннинг даромади ошади.

Ҳудудларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилаётган учрашувлар ва тажриба алмашиш жараёнлари томорқачилар даромадини янада ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Бунда жараённинг амалий кўмак тарзида ташкил этилиши эса бу борада янада кулайлик яратади.

https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilarga-amaliy-komak-berilmoqda_358803

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram