Кимларга имтиёзли субсидия берилади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор етиштирилган маҳсулотни кафолатли харид қиладиган кооперациялар омборхоналарини жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари келтириш жараёнини субсидия ажратиш орқали қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тегишли ҳужжатлар асосида жорий йилдан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ушбу мақсадлар учун харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилади.
Кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари – томорқа ер эгалари билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш, уларга турли томорқа хизматларини кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида тузилган шартномага мувофиқ ҳамкорликда иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари, хусусан “Томорқа хизмати” МЧЖлар ва бошқалар ҳисобланади.
Бунда белгиланган тартибда томорқа ер эгалари етиштирган маҳсулотларни кафолатли харидини ташкил этиб, ҳудудларда кооперация асосида иш ташкил қилган манзилли рўйхатга киритилган тадбиркорлик субъектлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар субсидия олувчилар бўлиши мумкин. Талабгор манзилли рўйхатга кириш учун аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки бевосита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасасининг ахборот тизимига кириш орқали юборади.
Талабгор аризани электрон тарзда календарь йилнинг 1 апрелига қадар юбориши шарт. Талабгор аризага кооперация асосида ишни ташкил этганлигини тасдиқловчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман (шаҳар) кенгаши ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсияномасини илова қилади.
Субсидия маблағларини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиялаштиради.
Шунингдек, субсидия олувчида омборхоналарни жиҳозлаш, сотиб олинаётган қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари хариди бўйича тузилган шартномалар юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг хулосаси талаб этилади.
Мазкур субсидия ажратиш бўйича имтиёзнинг қўлланилиши томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харидини таъминлашга, кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларининг ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Аббос МАДИЕВ,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи
https://uza.uz/uz/posts/kimlarga-imtiyozli-subsidiya-beriladi_358149