Бирорта қаровсиз томорқа ёки бўш ер бўлмаслиги керак — Актам Хаитов
Фото: Халқ сўзи
Бугун шундай қулай фурсатки, ерга чўп суқсангиз, куртак чиқаради, барг ёзади. Ҳовлингизда дастурхондек жойга кўкат уруғини сепиб қўйсангиз, борми, ош-кўк деб бозорга ошиқмайсиз. Олма, ўрик, шафтоли ёки нок дарахтларини эксангиз, оғзингиз болга тўлади. Қўни-қўшни, ҳамсоя, хеш-ақрабо ундан баҳраманд бўлади. Ана шу фурсатларни қўлдан чиқармаслик учун кўкламнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш лозим. Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган «Яшил йиллик» умуммиллий дастур асосида Қашқадарё вилоятида ҳам кўчат экиш, боғ яратишдек эзгу ҳаракатлар қизғин давом этмоқда.
Спикер ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Қарши туманидаги Талликурон маҳалласида бўлиб. бу борадаги хайрли тадбирлар билан танишди. Талликуронликлар азалдан кўкатчилик билан шуғулланади. Қарши шаҳри бозорларига шу қишлоқ томорқачилари томонидан етиштирилган пиёз, саримсоқпиёз, шивит, шавил, кинза, петрушка, редиска каби кўкатлар янги узилган ҳолда чиқарилади.
Талликуронлик 75 ёшни қоралаган Тоштемир бобо Расуловнинг ишчан, чаққон ва меҳнатсеварлигини кўриб қойил қоласан киши. Томорқасини яшнатиб қўйибди, шу яшилликка боқиб, отахоннинг ўзи ҳам ҳузур қилади.
— Ҳовлимиз ичида ва ташқарисида 10 сотих жойда исмалоқ экканман, — дейди у. — Ўтган йили сентябрь ойида эккан бўлсам, ҳозирга қадар 5-6 марта баргини кесиб сотдик. Даромад эса 20-25 млн. сўмдан ошди. Апрель ойида исмалоқ ўрнига помидор, булғор қалампири кўчатларини экамиз. Еримизнинг бир қаричини ҳам бўш қўймаймиз, ток парваришлаймиз, мевали дарахтларимиз бор. Қорамол боқамиз. Тўғрисини айтсам, шу 10 сотих ердан унумли фойдаланилса, рўзғорга етарли даромадни топса бўлади.
Нодира Раҳмонова қишлоқ мактабида бошланғич синф ўқитувчиси. У бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўзининг 3 сотих иссиқхонасида меҳнат қилади. Меҳнатлари самараси эса рўзғор кам-кўстини қоплаб келяпти. Илгари иссиқхонада мунтазам бодринг экиб келган бўлса, бу йил февраль ойида иссиқхона помидор кўчатлари билан безанди.
— Иссиқхонага ўзим қарайман, — дейди у. — Кўчатлар ривожидан дилим яйрайди. 3 сотих жойда 1000 туп помидор кўчати яшнаб турибди. Ҳар тупидан камида 10 килограммдан помидор узишни ният қилганман. Агар шу мўлжалга етсам, бу 10 млн. сўм топаман. Помидордан сўнг иссиқхонамга бодринг экаман.
Ишчи гуруҳи аъзолари Қарши туманидаги «Ғубдин» МФЙ ҳудудидаги қишлоқларни кўздан кечиришди. Ногиронлиги бор Ҳамза Тиловов оиласининг 8 сотих томорқаси бор. Аммо ҳозирга қадар ишлов берилмаган. Шу хонадонга ишчи гуруҳи томонидан ёрдам берилди. Шунингдек, ишчи гуруҳи қаровсиз қолдирилган, эгалари беэътибор юрган томорқалар кўздан кечирилиб, томорқа эгаларига огоҳлантиришлар берилди.
— Ғубдин қишлоғи ерлари жуда унумдор, аммо баъзи хонадон томорқалари қаровсиз қолдирилгани ачинарлидир, — дейди А. Хаитов. — Баҳор жуда серёғин, дарахт ва турли экинлар парваришлаш учун жуда қулай келди. Бу фурсатдан фойдаланиб қолиш зарур. Шунинг учун қаровсиз томорқа ва бўш турган деҳқон хўжалиги ерларини шу куннинг ўзидаёқ ҳайдатиб, экин экилишини таъминладик. Томорқачилар билан учрашувда уларга онлайн тарзда банкдан кредит олиш афзалликлари ҳақида тавсиялар бердик. Энг муҳими, бирорта қаровсиз томорқа ёки бўш ер бўлмаслиги керак. Чунки ҳар қарич ер — даромад манбаи.
Ишчи гуруҳи Ғубдин қишлоғида эгаси бору, томорқасига ишлов берилмаган кўплаб ерларни аниқлади. Баъзи ерлар аукцион савдоси орқали сотиб олинган бўлсада, ҳали эгаси унга ишлов бермаган, дарахт ёки экин экиб парвариш қилмаяпти. Қишлоқда баъзи одамлар фарзандига, набирасига ер олиб қўйган ва «Ер меники» деб ундан фойдаланмаяпти.
Аҳоли билан бўлган учрашувда А. Хаитов Ғубдин қишлоғи азалдан узумчилик билан шуғулланиб келгани боис, бу ҳудудни узумчиликка ихтисослаштиришни таклиф этди. Аҳоли вакиллари ва томорқачилар бу таклифни қизғин қўллаб-қувватладилар. Эндиликда бу қишлоққа узумнинг энг серҳосил ва ноёб навли турлари етказиб берилади. Бу вазифани водийлик боғбонлар ўз зиммаларига олишди.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
https://xs.uz/uzkr/post/birorta-qarovsiz-tomorqa-yoki-bosh-er-bolmasligi-kerak-aktam-khaitov