Икки ойда 17 миллиард 670 миллион сўм субсидия ажратилди

Деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва «Томорқа хизмати» корхоналарининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш доимий эътиборда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш, сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқлар қазиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун тежамкор сув тизимлари ўрнатишда фаол иштирок этмоқда.

Айни вақтда сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини бурғулаб, ишга туширган фуқароларга давлат бюджети ҳисобидан субсидия маблағлари ажратиб берилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларининг сув таъминоти оғир 49 та туманида 156 та катта ва кичик ҳажмдаги артезиан қудуқлар ишга туширилди. Талабгорларга эса  17 миллиард 670 миллион сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди.

–Аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан тўлаш белгиланган, — дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакили Фазлиддин Ҳамраев. – Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида камида 30 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғоришга мўлжалланган йирик артезиан қудуқларни қазиш харажатларининг 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисми қопланмоқда. Бу эса кўплаб аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

 Қайд этиш керакки, бу каби яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш, бир йилда камида икки маротаба ҳосил етиштириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш ҳамда қудуқлар қазишдаги ортиқча харажат ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. 

https://uza.uz/uz/posts/ikki-oyda-17-milliard-670-million-som-subsidiya-azhratildi_355178

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram