Чироқчида картошкачилик ва балиқчилик кооперациясига асос солинди
Бу йил баҳор серёғин келди. Осмондан ёғилаётган биллур томчилар қиру адирлар, боғу роғларни яшнатди. Кўклам тароватидан завқ олган қашқадарёлик деҳқонлар, боғбону соҳибкорлар аллақачон дала юмушларини бошлаб юборишди. Айниқса, улар мамлакатимизда миллий ҳаракатга айланган «Яшил йиллик» умуммиллий дастури доирасида кўчат экиб, боғ яратиш, ҳар бир маҳаллада, кўчаю хиёбонни кўкаламзорлаштиришга астойдил киришдилар.
Чироқчи туманидаги «Паканди» маҳалласи азалдан кўчатчилик билан машғул бўлиб, Чироқчи ва бошқа туман бозорларига помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон, қулупнай кўчатлари етказиб беради.
Аммо бугунги кунда томорқалардан янада унумли фойдаланиш, илгариги кўп жойни эгаллаб ётадиган дарахтлардан воз кечиб, пакана ва ярим пакана интенсив мевали дарахт кўчатларини экмасдан, картошка уруғчилигини ривожлантирмасдан, «бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойилини жорий этмасдан туриб, муваффақиятга эришиб бўлмайди. «Паканди» МФЙда мазкур долзарб вазифаларни амалга ошириш, деҳқону соҳибкорларга, томорқачиларга тавсиялар бериш мақсадида Спикер ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари ташриф буюрди.
Бу ерда ўтказилган амалий семинарда маҳалла раислари, туман ҳокими ёрдамчилари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, томорқачилар, банк ходимлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди. Уларга боғ яратиш, иссиқхона барпо этиш, чорва ва парранда боқиш ҳамда балиқчиликни ривожлантириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг жамғармаси томонидан ажратилган 7 фоизли кредитлардан фойдаланиш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
— Бу маҳаллада томорқасидан унумли фойдаланаётган фуқаролар жуда кўп экан, — деди А. Хаитов. — Аммо томорқачилар бошини қовуштирадиган, уларни сифатли уруғлик, минерал ўғит, тайёр маҳсулот бозорини топиб берадиган ташкилот йўқлиги уларга салбий таъсир ўтказмоқда. Аҳоли вакиллари билан суҳбатда шу нарса аён бўлдики, маҳаллада деярли ҳар бир хонадон картошка етиштиради. Лекин картошка уруғларини улар ҳар жойдан харид қилишади. Картошка уруғини шу ернинг ўзида тайёрлаш ва аҳолини таъминлаш бўйича картошкачилик кооперациясини тузиш масаласини ҳал этдик. Наманганнинг Чуст туманидан келган боғбонлар ўзлари билан олиб келган пайвандли интенсив ярим пакана кўчатларни томорқаларга экиб кўрсатишди.
Спикер ўринбосари А. Хаитов, Чироқчи тумани ҳокими Х. Жўраев ва бошқа мутасаддилар аҳоли томорқаларини кўздан кечиришди. Айниқса, Дилмурод Сатторовнинг яшнаб турган ҳовлиси уларда қизиқиш уйғотди. Томорқада йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Отахоннинг кўчат етиштиришда тажрибаси катта экан.
— Ошириб-тошириб гапиришни ёмон кўраман, — дейди Дилмурод ота. — Мана кўриб турибсиз, 20 сотих томорқамдан йил бўйи тер тўкиб ишласам, еган-ичганимиздан ташқари 50 млн сўм даромад топаман. Бозорга баҳор ойларида помидор, булғор қалампири, аччиқ қалампир, карам кўчатларини чиқараман. Бодринг, помидор, картошка, кўкатлар етиштираман. Томорқамда бирор қарич бўш ер йўқ, ҳамма юмушларни кампирим билан бирга бажарамиз.
Тумандаги «Қаҳрамон» МФЙ балиқчиликка ихтисослашган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Қаҳрамон қишлоғида табиий равишда ер остидан чучук сув отилиб чиқади. Бу сувда балиқ парваришлаш жуда қулай. Аммо одамлар балиқчиликни қишлоққа Абдурашид Аҳмедов олиб кирган, дейишади.
— Балиқчиликни бошлаганимга 4 йил бўлди, — дейди Абдурашид Аҳмедов. — Интернетда Фарғонанинг Олтиариқ туманида балиқ етиштирувчи тадбиркорни кўриб, унга ҳавасим келди. У Африка лаққасини боқар экан. 1 сотих жойдаги ҳовузда 10 минг дона балиқ чавоғини ташлаб, 8 ойда 10 тонна балиқ етиштирибди. Шу тадбиркор уйига излаб бордим. Уч ой балиқчиликни ўргандим. Африка лаққаси 20 даража иссиқликдаги сувда ривожланар экан. Бизнинг маҳаллада эса ер остидан 23 даражада иссиқ сув чиқади. Бу қулайликдан фойдаланиб, уйимда эни 10 метр, узунлиги 30 метр ҳовуз қуриб, 30 мингта балиқ чавоғи ташлаб, 8 ойда 200 млн сўм даромад қилдим. Бугунги кунда банкдан 300 млн сўм кредит олиб, 5 та ҳовузда 150 мингта балиқ боқяпман. Ҳар ҳовуздан 200 млн сўмдан, ҳаммаси бўлиб, 1 млрд сўм даромад олишни мўлжаллаяпман. 8 нафар доимий ишчим бор. Қишлоғимизда менга ўхшаб қирқдан ошиқ тадбиркор балиқчилик билан шуғулланади. Улар сафини янада кенгайтириш мақсадида Спикер ўринбосари А.Хаитов менга балиқчилик кооперацияси ташкил этиб, яна 50 нафар кишини балиқчиликка жалб қилиш таклифини берди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Насиб этса, кредитлар ҳал бўлса, қишлоғимизда балиқчилик кооперациясига асос соламиз.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».