“Хонбалиқ” кластери кўмагида хонадонларда форель балиғи етиштирилади

Форель балиқлари дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган, харидоргир, экспортбоп ва ноёб балиқ тури ҳисобланади. Аммо бу балиқ тури жуда нозик хусусиятга эга, ҳар қандай сув ҳавзасида ҳам ривожланиб кетавермайди. Қарши туманида яшовчи тадбиркор  Аброр Жўраев бу балиқ турини шу ҳудуд шароитида артезиан орқали ер остидан тортиб олинган сувда ўстиришни тажрибадан ўтказди.

-Бизда ер остидан 40 метрдан чучук сув чиқади,- дейди А. Жўраев. –Ер ости суви ҳарорати 17 даража бўлиб, бу сувда форель балиғи бемалол ривожланишини ўз тажрибамдан ўтказдим. Дастлаб кичик ҳовузларда балиқ ўстирган бўлсам, 2020 йилда ярим интенсив усулда балиқ боқишга ихтисослашган “Хонбалик” кластерига асос солдим. Шу йил бошида буён 15 минг дона форель балиғи чавоқларини 30 та интенсив усулдаги ҳовузда парвариш қилаяпман. 6 ойда ҳар бири 1,5 киломрамм тош босади ва 15 тоннани ташкил этади. Форель балиқларини супермаркет ва бозорларга чиқаришни мўлжаллаб турибман.

 Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари,  Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов мазкур кластер фаолияти билан танишди. Форель балиқлари етиштиришни кўпайтириш ва бу жараённи аҳоли хонадонларида ҳам жорий этиш борасида тавсиялар берди.

 -Аҳоли хонадонларида махсус ҳовузлар барпо этилса ва кластер томонидан балиқ увилдириқлари етказиб берилиб, боқиш технологиялари ўргатилса, албатта, кластер имкониятлари ҳам кенгаяди, аҳоли даромадлари ҳам ошади, – деди А. Хаитов. – Бу фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида биз Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармасидан имтиёзли кредитлар ажратишга тайёрмиз.

 “Хонбалиқ” кластери раҳбари Аброр Жўраев келгусида фаолиятини кенгайтириб, хонадонларда бу турдаги ноёб балиқларни кўпайтириш эвазига йилига 200 тонна балиқ етиштиришни мўлжалламоқда. Ҳозирда 6 киши доимий иш билан банд этилган бўлса, кейинчалик уларнинг сафи анчагина кенгаяди.

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram