Паррандачиликни ривожлантиришда Россия тажрибаси ўрганилмоқда
Жорий йилда ҳар бир хонадонга 100 бошдан парранда, 5-6 бошдан қўй, эчки, 20 бошдан қуён бериш режалаштирилган. Аҳолига олдин ҳам парранда берилган эди, лекин саноат усулида етиштириладиган паррандалар етказиб берилгани туфайли улар хонадонга мослашмади ва парвариш жараёнида йўқотишлар кўп бўлди.
Жорий йилда бу хатолардан тўғри хулоса чиқарилиб, хонаки парранда етказиб беришга эътибор берилмоқда. Шу мақсадда Россия ва Хитойдан хонаки парранда тухумларини олиб келиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб – қувватлаш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон агро-ахборот инновация маркази вакиллари Россияда бўлиб, қишлоқ хўжалигида кредитлаш, паррандачилик ва оналик боғларини яратувчи ташкилотларнинг илғор тажрибасини ўрганмоқда.
Ташрифнинг навбатдаги манзили Россия Фанлар академиясининг паррандачилик илмий-технология институти бўлди. Делегация аъзолари институт фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг илғор тажрибасини ўрганишди.
– Паррандачилик илмий-технология институтининг Россиянинг турли ҳудудларида олтита филиали бор экан, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Т.Сатторов.– Биз уларда етиштирилаётган парранда зотлари билан танишдик. Улар бройлер ва хонаки жўжалар етиштиришда дунёда ўзига хос пешқадамликка эга. Шунингдек, замонавий жиҳозланган лабораторияларда бериладиган ҳар бир озуқанинг таркиби алоҳида ўрганилиб, кейин етказиб берилар экан. Айни вақтда ҳамкорлик меморандуми имзоладик. Унга кўра, жорий йил давомида бизга хонаки жўжаларни оналигини етказиб беришади.
Қайд этиш керакки, дунё, жумладан юртимизда аҳоли сонининг ўсиб бориши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва хўжалик юритишни янада яхшилашда парранда маҳсулотлари ишлаб чиқаришни оширишни талаб этмоқда. Зеро, паррандачилик соҳаси минглаб инсонларни иш билан таъминлаб, жамиятнинг иқтисодий ривожланишида муҳим манбалардан бири ҳисобланади.
Делегация аъзолари Москвадаги “Ромашино” паррандачилик мажмуасида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, ташриф давомида Россиянинг Қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакилларини малакаларини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ташкилотлари фаолияти ҳам яқиндан ўрганилади.